Диёр Имомхўжаев: Фақат калласи йўқ кишиларгина бу ўзгаришларни Самвел Бабаян билан боғлади
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев регламентга киритилаётган мураббийлар билан боғлиқ ўзгариш ҳақида гапирди.
"Хўш, янги таҳрирга шундай қўшимча киритилмоқда: Мусобақа давомида жамоа учун белгилаб берилган техник зонада фақатгина бош мураббийнинг эркин ҳаракатланиши ҳамда майдондаги футболчиларга кўрсатма бериши учун рухсат этилади. Қолган барча ҳолатларда клубнинг бош мураббийидан бошқа вакилига нисбатан ЎФАнинг Интизом кодексига мувофиқ жарима санкцияси қўлланилади.
Бу ўзгариш масаласи 1 ойлар аввал муҳокамага қўйилганди. Сабаб сифатида лицензияси мавжуд бўлмаган мураббийларнинг техник зонада ўзини тутиши ва албатта де факто футболчиларга бош мураббий эмас, буткул бошқа шахслар таъсир кўрсатишга ҳаракат қилаётганини кўрсатганмиз.
Буни мухлислардан яширадиган ери йўқ. Айтайлик, "Локомотив" клубида Микляев бир қанча вақт бош мураббий бўлди, матбуот анжуманларида иштирок этди. Аммо ташқаридан клубда асосий сўз бош мураббий эмас, буткул бошқа инсонники эканини пайқаш қийин эмасди. Яъни, "Локомотив" бош мураббий бўлиш учун лойиқ инсонни ўзи учун белгилаб олган, аммо унинг талаб этилган лицензияси мавжуд бўлмаганидан келиб чиқиб, вазиятга ечим топган.
"Турон" клубида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Ислом Исмоиловда талаб этилган лицензия йўқ, клубда бош мураббий де юре Мурод Исмоилов, де факто жамоани кичик Исмоилов бошқаради. Агар у бош мураббий бўлишни истаса, марҳамат, мураббийлик курсларида ўқисин, талаб этилган лицензиясини олсин ва техник зонада ҳақиқий бош мураббийдек ҳаракат қилсин.
"Бунёдкор" клубида ҳам ўхшаш вазият кўп такрорланди. Айтайлик, бош мураббий бўлмаган Марат Мифтахутдинов икки бор сариқ карточка олиб улгурди. Вадим Абрамов эса истаган вақтида клуб ечиниш хонасида пайдо бўлди ва ҳоказо.
"Сурхон", "Оқтепа" ва "Андижон" клубларида вазият бошқачароқ. Йил бошида бош мураббий сифатида рўйхатдан мос равишда Рифат Акромхўжаев, Сергей Токов ва Отабек Ғуломхўжаев ўтган. Аммо аниқ биламизки, улар аллақачон жамоа билан бирга эмас, бироқ клуб уларни расман қайдномадан ўчирмаган. Клублар нафақат фаолиятларини тўғри йўлга қўйишга интилмайди, балки жилла қурса ўз мухлислари ҳурмати жамоада ким нима билан шуғулланаётганини аниқ кўрсатиб бермайди. Техник зонада эса қандайдир ёрдамчилар ёки бошқалар билган ишини қилади. Бу жараён борган сари одат тусига кираётганидан келиб чиқиб, юқоридаги ўзгаришни биз май ойидаёқ таклиф қилгандик.
P.S. Фақат калласи йўқ кишиларгина бу ўзгаришларни Самвел Бабаян билан боғлади. Аквариумдаги балиқ бутун дунёни шугина сувдан иборат деб ўйлаши тушунарли албатта", - деб ёзди Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги каналига.
Фикрлар