Диёра Келдиёрованинг биринчи рақибаси аниқ бўлди
Қозоғистонда ўтадиган йирик халқаро дзюдо мусобақаси — Aktau Asian Open 2026 турнирида ўзбекистонлик олимпия чемпиони Диёра Келдиёрованинг дастлабки рақибаси маълум бўлди.
Мусобақага ташланган қуръага кўра, 52 килограммгача вазн тоифасида беллашадиган Париж Олимпиадаси чемпиони Келдиёрова биринчи учрашувни қозоғистонлик дзюдочи Нурайлим Сарсенбекка қарши ўтказади.
Турар Жолдибоев хотирасига бағишланган Осиё очиқ кубоги 17–18 октябрь кунлари Актау шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу старт Диёра Кельдиёрова учун узоқ танаффусдан кейинги илк расмий мусобақа бўлади. У бир муддат спортдан четлашиб, фарзандли бўлиши муносабати билан татамидан узоқлашган эди.
Келдиёрова карьерасидаги энг йирик сенсация "Париж-2024" Олимпия ўйинларида қайд этилган. У 1/8 финалда тўрт карра жаҳон чемпиони, олимпия чемпиони, япониялик Ута Абэни мағлуб этган эди. Абэ сўнгги беш йил давомида шахсий мусобақаларда мағлубиятга учрамаган, 47 та ғалабадан иборат ғаройиб серияга эга мутлақ фаворит сифатида баҳоланарди.
Айнан шу кутилмаган ғалаба Келдиёровага йўл очиб, уни Ўзбекистон аёллар спорти тарихида ёзги Олимпия ўйинларидаги илк олтин медаль соҳибасига айлантирди.

Фикрлар