Дзюдо. "Мастерс"нинг иккинчи кунида иккита медаль қўлга киритилди
Исроилда давом этаётган дзюдо бўйича "Мастерс" турнирининг иккинчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди. Унда спортчиларимиз биттадан кумуш ва бронза медалларига эга чиқишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, -73 кг вазн тоифаси финалида Шаҳрам Аҳадов бразилиялик Даниел Каргнинга қарши татамига чиқди. Афсуски, муросасиз кечган баҳсда Токио Олимпиадаси совриндори Каргниннинг қўли баланд келди ва Аҳадов мусобақани кумуш медал билан якунлади.
Бронза медали учун беллашувда жамоамизнинг икки нафар вакили - Обидхон Нўмонов ва Муроджон Йўлдошев тўқнаш келди. Мазкур қарама-қаршиликда Йўлдошев қисқа фурсат ичида ғалабани ўзиники қилди.
Бугун "Мастерс" турнирининг сўнгги кунги беллашувлари ўтказилади.
Фикрлар