ЕЧЛ. "Манчестер Сити" - "Лион": Превью

Бир қарашда чорак финалнинг энг интригасиз баҳсидек кўринаётган “Манчестер Сити” – “Лион” жамоалари ўртасидаги учрашув бугун бўлади. Аммо эътибор берган бўлсангиз, ушбу босқичда бизни ҳайрон қолдирмаган ўйиннинг ўзи йўқ: ҳеч ким “Бавария” бу қадар сермаҳсуллик кўрсатишини кутмаган эди. Ҳаттоки, клубнинг энг оптимист мухлислари ҳам. “РБ Лейпциг”нинг ўзи каби ёш фанатлари қандай сенсацияни амалга оширганлиги ҳалигача тушунмаётган бўлса, ажаб эмас. Миллиардер шайхлар эса “Аталанта” – ПСЖ ўйинини сўнгги дақиқаларгача юрак хуружи ила кузатишганини тахмин қилиш қийин эмас. Шундай экан, нега “Лион” осонликча енгилиши керак? Энг қизиқарлиси, шу кунгача улар “Ман Сити”га ютқазмаган. Кутганмидингиз шунақасини?
Тўғри, “шаҳарликлар” бу ерга турнирнинг асосий фаворитларидан бири “Реал”ни хотиржам ютиб чиқди. Уларда бир маромда ўйин йўлга қўйилган. Асосий таркибдан фақатгина Агуэро бугун майдонга туша олмайди. Унинг ўрнини Габриэль Жезус тўлдиради. Яна қайси ҳужумчининг бундай ўриндоши бор? Қолган чизиқларда эса ҳеч қандай муаммо йўқ. Бугун Гвардиола ярим финал олдидан катта машғулот ўтказиб олиши, немислар тактикасига қарши ўз услубларини расмий ўйинда синаб кўриши мумкин.

man-city-real-madrid-070820zk
“Лион”
Руди Гарсия шогирдлари олдида қийин, бироқ уддалаш мумкин бўлган вазифа турибди. Ҳа, “Ман Сити”ни ютиш мумкин. Манчестерликлар доим бу босқич фаворитларидан саналган. Бироқ ҳар сафар нимадир уларнинг йўлига ғов бўлиб қолаверган. Нега энди “Лион” бундай тўсиқ бўла олмаслиги керак? Юқорида “шаҳарликлар” турнир фаворитини енггани ҳақида гапирдик. Французлар ҳам бу борада рақибларидан қолишмайди. Ахир улар бу босқичга Роналду бошлиқ “Ювентус” устидан қозонилган галаба эвазига етиб келдилар. Бир марта сенсация қилган клуб, кейинги сафар буни яна уддалай олмаслигига ким кафолат бера олади?
Боз устига, ҳимоя Денайер бошчилигида ишончли ўйнаяпти, ярим ҳимояда Ауар каби ақлли футболчи бор. Ва олдинги чизиқда Мемфис Депай. Айнан ушбу истеъдоднинг Манчестер шаҳри билан ёмон хотиралари бор. Бугун унинг ҳаракатлари жамоасининг натижаларига катта таъсир қилади. Инглиз клубининг супер бўлмаган ҳимоясидан хатоларни айнан нидерландиялик форвард кўрсатиб бериши мумкин.
Тахминий таркиб: Лопеш, Денайер, Марсело, Марсал, Дюбуа, Корне, Гимарайнс, Какере, Ауар, Дембеле, Депай.
Сўроқ остида: Денайер, Корне, Тете, Ауар.

7e9f7-Foto-dnja
“Манчестер Сити”
Улардан 2 йиллик еврокубокларда иштирок этиш тақиқи олиб ташланганлиги, рақибларида ўйин амалиётининг кам эканлиги, кейинги босқичда даҳшатли “Бавария” жуфтлик ғолибини қарши олиши мутлақо ҳеч нарсани англатмайди. Гвардиола доим шогирдларини энг максимал куч билан ҳаракат қилишга чорлайверади. Натижада, “шаҳарликлар” ҳисобида ҳам йирик ғалабалар етарлича. Боз устига, футболчилар бу мавсум фақатгина Лига кубоги билан чекланишди. Таркибида жаҳоннинг энг ёрқин ўйинчилари жам бўлган клуб вакиллари учун нормал ҳолат эмас, албатта. Ўз навбатида, Гвардиола ҳам “шалпангқулоқ”ни яқиндан кўрмаганига 9 йил бўлди. Топ даражадаги мутахассис учун бироз узоқлик қилади бу вақт оралиғи.
Футболчилар ўзларининг энг юқори формасида, кайфият яхши, ўйин услуби ишончли ва энг муҳими, мотивация мавжуд. Де Брюйне, Рахим Стерлинг, Давид Сильва каби жаҳон даражасидаги юлдузлар Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлмай туриб, фаолиятини якунлагиси келмайди. Дарвоқе, шу турнирни ўтказиб, “Манчестер Сити”даги ажойиб фаолиятини тугатадиган Сильва учун ҳам бутун жамоа борини беради. Бош совринни кўтариб турган сардорлик боғичидаги Сильвани тасаввур қилишнинг ўзи ҳам инсон туйғуларини жумбушга келтириши аниқ. Демак, уларнинг иштиёқи яна бир карра ортган.
Тахминий таркиб: Эдерсон, Уокер, Ляпорт, Канселу, Родри, Давид Сильва, Де Брюйне, Бернарду Сильва, Стерлинг, Жезус.

Қатнаша олмайди: Агуэро.

hi-res-04b42b3691961dfafb08ae2704dcea42_crop_north

Мураббийлар
 
Хосеп Гвардиола: “Улар кучли руҳиятга эга жамоа эканлигини яхши биламиз. Шунингдек, тўп учун курашларда агрессив, тезкор, фоал қанотлар билан ҳужумларга ўтиш, стандарт вазиятлардан максимал фойдаланиш уларнинг ютуғи. Улар юқори даражадаги жамоа. Аввало, биз бошқа имконият бўлмаслигини билган ҳолда, ўз ўйинимизга эътибор қаратишимиз лозим. Бундай баҳсларда руҳият кўп нарсани ҳал қилади. Менимча, йигитларим барчасига тайёр”.
x1080
Руди Гарсия: “Ўйлашимча, “Ювентус” устидан қозонилган ғалаба бизга катта ишонч беради. Албатта, иштаҳа овқат пайтида келади, деганларидек, бизда ҳам жуда катта иштиёқ мавжуд. Рақибимиз бу турнирнинг асосий фаворити саналади. Бироқ биз ортда қолган босқичда нималарга қодирлигимизни исботладик. Бу ўйин бошқа баҳслар сингари сенсацион натижа билан якунланишига умид қиламиз”.
garcia leipzig une
Бугунги баҳсда испан мураббийлари қарама-қаршилигига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бири тўп назоратини ҳуш кўрувчи, бошқаси вазият бўлиши билан уларнидан унумли фойдаланувчи сабрли мутахассис. Майдонда қизиқарли кураш кечиши аниқ. Денни Маккели бошчилигидаги ҳакамлар бригадасига ҳам кўп нарса боғлиқ. Учрашув Лиссабондаги “Жозе Алваладе” ўйингоҳида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!