Эдди Хирн: "Парда ортида катта ўйин кетмоқда"
Таниқли боксчи Энтони Жошуанинг промоутери Эдди Хирн Жошуа ва Тайсон Фьюри ўртасидаги жанг ташкилотчиларини молиявий манипуляция ва шартнома шартларини бузишда айблади.
Хирннинг сўзларига кўра, баҳс ўтказиладиган жой ўзгаргани баҳонасида ташкилотчилар Жошуага аввал келишилганидан камроқ гонорар тўлашни ҳамда унга қўшимча мажбуриятлар юклашни режалаштирмоқда.
"Улар тўқнашув ўтказиладиган жой ўзгаргани сабаб Жошуага камроқ пул тўламоқчи. Бундан ташқари, ундан яна бир қатор қўшимча мажбуриятларни бажаришни талаб қилишяпти. Аввал ҳам Энтони билан тузилган шартнома бир неча бор бузилган, аммо биз улар ҳамкорларимиз бўлгани учун бунга кўз юмганмиз. Бироқ энди сабр косамиз тўлди. Айни дамда парда ортида катта ўйин кетяпти", — деди Хирн.
Ҳозирча ушбу масала юзасидан ташкилотчилар расмий муносабат билдирмади.

Фикрлар