Эксперт: Файзуллаев Месси эмас, Европада ўйнаб кетолмайди!
ЦСКА таркибида асосий фигурага айланган Аббосбек Файзуллаев Россия футболида энг кўп муҳокама қилинаётган чарм тўп усталаридан бири.
Россиялик журналистлар фикр сўраб, энг кўп мурожаат қиладиган мутахассислардан бири ЦСКАнинг собиқ футболчиси Владимир Пономарёв ҳисобланади. Яқинда ундан Аббосбек Файзуллаев ҳақидаги мулоҳазаларини билдиришни сўрашди.
— Бизнинг расво бўлган футболимиз фонида Аббосбек Файзуллаевнинг ўйини менга жуда ёқяпти. Илгари ҳар бир жамоада унга ўхшаш камида беш нафар футболчи бўларди.
Аббоснинг дриблинги зўр ва ҳамма дарров унинг айнан мана шу жиҳатига эътибор қаратди. Россия футболида унга ўхшаган футболчилар кўпроқ бўлиши керак.
— Файзуллаевни “ўзбек Мессиси” дейишяпти...
— Табиийки, Аббос Месси эмас. Файзуллаев ҳозир бизнинг футболимизда зўр ўйнаяпти. Лекин Европада ўйнаб кета олмайди. Аввал ҳам Сергей Пиняевни ҳам роса Европага кетади, дейишганди.
Бироқ Файзуллаев Пиняевдан анча қизиқарлироқ ўйнайди, — деди Владимир Пономарёв.
Эътибор қаратадиган жиҳати шуки, ЦСКА ўз сафига Файзуллаевни қўшиб олганида, айнан Владимир Пономарёв “армиячилар”нинг бу трансферини танқид қилган ва Аббоснинг Россия Премьер-лигасида ўйнаб кетишига шубҳа билан қараган эди. Ўшанда у шундай деган:
— Бу футболчи 19 ёшида нима қилиб бера оларди? Уни қандай қилиб етук футболчи дейиш мумкин? Ундан ҳали ажойиб ўйинчи чиқадими? Ахир ўзимизда ҳам яхши йигитлар борку. Улар таркибга кириши, ўзига бўлган ишончни уйғотиши керак. Ўзбекнинг позициясида тўпга эгалик қила олиш, майдонни яхши кўриш қобилияти, яхши пас бериш, тезкорлик , чидамлилик каби хислатларни эгаллаган футболчи ўйнаши керак. 19 ёшли ўйинчи бунақа юкламаларни кўтариши ўта қийин.
Кейинчалик Аббос Файзуллаевнинг ўйини кўрган мутахассис легионеримизнинг иқтидорини тан олди.
— Файзуллаевга балли. Ўйинларда рақибларига ғулғула соляпти, тўп билан яхши югуряпти, ҳар доим очилишга ҳаракат қиляпти. Кўп меҳнат қилаётгани боис мухлисларнинг ҳам қалбидан жой олди. Лекин у меҳнат қилишни тўхтатса, вазият буткул ўзгариб кетиши мумкин.
Аббосбекнинг дриблинги зўр бўлиши крак. Бу борада унинг қобилияти жуда яхши. Тезкорлиги ҳам талаб даражасида, бироқ яна ўсиши керак.
Бир вақтлар “Спартак”да Хусаинов ўйнаган. Унинг ҳам бўйи баланд бўлмаган, лекин бу унинг бош билан гол уришига ҳам халақит қилмаган эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Файзуллаев ўз устида ишлашни тўхтатмаслиги керак ва шунда барча мақсадларига эришиши мумкин, — деганди Владимир Пономарёв.
Таъкидлаш жоизки, Аббосбек Файзуллаевнинг барча мухлислари, аксарият мутахассислар унинг Европа лигаларида ўйнай олишига ишонади. Бунга бироз вақт керак холос.
Энг асосийси эса, Аббоснинг ўзи олдига катта мақсад қўйган ва унга эришиш учун тинимсиз меҳнат қилиш кераклигини яхши билади.
Фикрлар