"Эл Класико": Рақамлар, рекордлар, голлар...

 
"Барселона" ва "Реал" ўртасидаги "Эл Класико"ни дунё бўйлаб миллионлаб одамлар томоша қилди. Футбол статистикаси билан шуғулланувчи мутахассислар мухлислар эътиборига айрим қизиқарли рақамларни тақдим этишмоқда.
 
Ҳисоб-китобларга қараганда, кечаги ўйин "Барселона" ва "Реал"нинг Испания чемпионатидаги ўзаро 173-тўқнашуви сифатида тарихга кирди. Ана шу учрашувлардан 72 тасида "Реал" ва 68 тасида "Барселона" зафар қучган. Кечаги учрашувни қўшиб ҳисоблаганда дуранглар сони 33 тага тенг бўлди.
 
Умуман олганда эса, "Барселона" ва "Реал" ўзаро 232 та расмий учрашув ўтказган. Бу жиҳатдан ҳам ғалаба қозониш бўйича "Реал" каталонияликлардан устунроқ. Мадридликлар жами 93 та учрашувда зафар қучган. "Барселона" эса 90 та ўйинда рақибни доғда қолдирган. 49 та ўйинда кучлар тенг келган.
 
"Барселона" сўнгги 22 та "Эл Класико"нинг барчасида узлуксиз "Реал" дарвозасини ишғол қилиб келмоқда. Бу рекорд натижа ҳисобланади.
 
Афсуски, кечаги ўйинда мухлислар икки буюк тўпурар - Лионель Месси ва Криштиану Роналдунинг голларига гувоҳ бўлмади. Шунинг учун ҳам "Эл Класико" тўпурарлари рўйхати ўзгаришсиз қолди.
 
Унга кўра, Лионель Месси 21 та гол билан ҳамон пешқадамлик қилмоқда. Криштиану Роналду эса 16 та гол билан учинчи поғонада бормоқда.
 
 
SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!