Элдор Сакаев: "Бу вазиятдан чиқиш қийин, аммо..."

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

 

"Машъал" клубига нималар бўлмоқда? Жамоа кетма-кет 10-ўйинида ҳам мағлубиятга учради. 10 та ўйин, 10 та мағлубият!

Ўтган йили про лигада қатнашиб, бу йил Суперлига йўлланмасини қўлга киритган жамоанинг ҳолати жуда ачинарли. Табиийки, бундай салбий натижалардан сўнг клубда мураббийлар қўнимсизлиги кузатилади. Игорь Суров, Отабек Нарзуллаев ва энди Элдор Сакаев.

10-тур олдидан клуб расман Суровни бош мураббий лавозимидан истеъфога чиққанини эълон қилди. У соғлиги сабабли бир қатор ўйинларда қатнаша олмади ва ўрнига Отабек Нарзуллаев бош мураббий лавозимида вақтинча ишлаб турганди. Аммо натижалар ўзгаравермади. Сўнгра клуб академиясини бошқариб келган Элдор Сакаев расман бош мураббий этиб тайинланди.

Шунга қарамай, у Ғузорда "Бухоро"га қарши дебюти учрашувида имкониятни бой берди ва "Машъал"нинг мағлубиятли сериясини давом эттирди. Клуб матбуот хизмати эса Сакаевнинг бу йил бош мураббий сифатидаги илк матбуот анжуманидаги фикрларини ҳавола қилди.

- Абубакарнинг четлатилишига муносабатингиз?

- Ўйин вазияти эди. У атайин фол қилишни хоҳлагани йўқ. Футболчи чарчаса хато қилишни бошлайди. Четлатилиш бўлмайди, деб умид қилгандим, чунки бизда 7-8 нафар футболчимиз жароҳатланган. Мағлубиятда бирор футболчини айбдор қилиб бўлмайди, бу жамоанинг муваффақиятсизлиги. Имкониятимиздан келиб чиқиб курашдик. Футбол контактли спорт тури. Курашлар бўлиши табиий.

- 10 та ўйин, 10 та мағлубият. Жамоани бундай руҳий ҳолатдан чиқаришнинг иложи борми?

- Бу мағлубиятларда ҳаммамиз айбдормиз. Бу вазиятдан чиқиш қийин, аммо ҳар қандай сериянинг охири бўлади. Таслим бўлиш керак эмас.

- “Машъал” бу сафар аввалги 9 та баҳсдан яхшироқ ўйнади, бироқ ҳужумда омад етишмади. Аягва захирадан тушди, аммо унинг жисмоний ҳолати яхши эмаслиги билиниб қолди.

- Бизда 8 нафар футболчи жароҳат олган. Имкониятдан келиб чиқиб футболчиларни майдонга туширяпмиз. Ресурсларимиз чегараланган, шу сабабли ўйинда мувозанатни ушлай олмадик. Футболчилар нафақат жисмоний балки руҳан ҳам оғир ҳолатда.

- Жароҳатланганлар кўп экан, келаси баҳсларда ёшлар жамоасидан футболчилар чақириладими?

- Албатта. Ички ресурслардан фойдаланишимиз керак.

- "ЖЧ-2026" пайтида Суперлигамизда танаффус пайдо бўлади. Бу вақтдан унумли фойдаланиш учун режаларингиз борми?

- Бу вақтдан жароҳатланганларни сафга қайтиши учун ҳаракат қиламиз, ички манбаларимиздан яхши футболчиларни ўстириб, уларни асосий жамоага жалб қилишга уринамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!