Элдор Шомуродов "Рома"даги қийинчиликлари ҳақида гапирди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Истанбул Башакшеҳир" ҳужумчиси Элдор Шомуродов Kun.uz YouTube каналига катта интервью берди. Футболчи суҳбат давомида "Рома"даги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди.
— "Энг қийин кўчиш — "Рома" деб айта оламан. "Рома"га борган вақтим ва ўша давр мени футболчи сифатида эмас, инсон сифатида ҳам кўп нарсани ўрганишимга сабаб бўлди. Бу қийинчилик эмас, мен учун катта дарс бўлди, деб айта оламан. Айнан ўшанда ўзгарганимни тушундим. Чунки энг катта орзум Европада ўйнаш эди ва мен "Женоа"га келдим.
"Женоа"да ҳаммаси яхши эди. Захирадан ўйинга қўшилсам ҳам ўйнаб, ўзимни кўрсатганимдан кейин "Рома" мени сотиб олди. Бу катта жамоа ва катта футболчи бўлдим деган хаёл билан ўтганман.
Бошида ҳаммаси яхши эди. Жамоада Эдин Жеко асосий ҳужумчи эди, мен эса унга ёрдамчи сифатида олинганман. Лекин боришим билан Жеко кетиб қолди. Шундан кейин битта ўзим қолдим, ҳали ҳужумчи сотиб олинмаган эди. Ўртоқлик учрашувларида ҳам гол уриб, ўзимга ишончим ортган эди.
Кейин эса Тэмми Абрахам сотиб олинди ва мен захирага ўтказилдим. Ҳаёлимда эса ҳали ҳам яхши футболчиман, фақат мураббий имконият бермаяпти, деб ўйлаб юрдим. Бу мураббийнинг айби, у майдонга туширмаганидан кейин қандай қилиб ўйнайман, 10 минутда ўзимни кўрсата олмайман, деб ўзимни тинчлантирдим.
Шундай ҳолатда бир ярим йил ўтиб кетди. Лекин ўз устингда ишламасанг, ўсишдан тўхтайсан.Ўшанда шу нарсани тушундим. Инсон доим ишлаши керак. Агар сен тўхтасанг, орқага кетасан. "Рома"даги давр менга жуда катта тажриба берди. Мен у ерда нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам ўзгардим".
Фикрлар