Элдор Шомуродовга Франция клубидан ҳам таклиф бор
Бугун Италия А сериясида янги мавсум старт олади. Бироқ Ўзбекистон терма жамоаси ва “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг келажаги ҳамон номаълумлигича қолмоқда.
Римликлар футболчи билан хайрлашишга тайёр ва уни ижарага бериш ёки тўлиқ трансфер қилиш бўйича бир қанча клублар билан музокара олиб бормоқда. Қолаверса, “Рома” Андреа Белотти билан шартнома бўйича оғзаки келишувга эришган, аммо “бўрилар” Элдорни сотмасдан туриб, италиялик футболчини ўз сафига қўшиб ололмайди. Шу сабаб раҳбарият Шомуродов трансферини эртароқ ёпмоқчи.
Аввалроқ, легионеримизга “Болонья” қизиқиш билдиргани ва уни ижарага олишга тайёр эканлиги борасида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, Туркия нашрларида “Галатасарай” ҳужумчи учун “Рома”га таклиф жўнатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Пойтахт жамоаси ўзбекистонлик футболчининг ижараси учун 1 миллион евро тўлашга тайёр эканлиги айтилди.
Инсайдер Николо Скиранинг хабар беришича, Ўзбекистон терма жамоаси футболчисига Франция чемпионатидан ҳам таклиф бор. Шомуродовга “Ницца” қизиқиш билдирмоқда. Айни пайтда клуб футболчи борасида Рим клуби билан музокара олиб бормоқда. Бироқ келишув қандай амалга оширилиши номаълум: ижара ёки тўлиқ трансфер.
Маълумот ўрнида, Элдор ўтган мавсум Италия А серияси доирасидаги 28 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 4 та ассист муаллифига айланган.
Фикрлар