Элмира Гулямова: "Бунёдкор" фақат чемпионлик учун курашади!
Бугун аёллар ўртасидаги Ўзбекистон Суперкубоги олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда дастлаб, “Бунёдкор-W” бош мураббийи Элмира Гулямова иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
“Бунёдкор-W” жамоаси кўп йиллардан буён фақат юқори ўринлар учун ҳаракат қилиб келади. Шундай экан, эртанги беллашувда ҳам жамоамиз жанговар руҳда майдонга тушади. Тўғри, ўтган мавсум кубок финалида мағлуб бўлган эдик. Лекин, шуни таъкидлаш керакки, ўша учрашувга бироз чарчаган ҳолатда етиб келгандик. Боиси, Иорданияда ўтган аёллар жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этдик. Қолаверса, таркибда йўқотишлар бор эди. Ҳужумдаги асосий қуролимиз бўлган Людмила Карачик жароҳати сабаб ўша беллашувни ўтказиб юборган, жамоадаги руҳият ҳам у қадар яхши эмас эди. Финалда ушбу омиллар ўз таъсирини кўрсатганди.
Дилдора Нозимова, Саида Галимова каби етакчиларнинг жамоамизни тарк этиши, албатта, биз учун катта йўқотиш бўлди. Улар катта тажрибага эгалар. Аммо, футболчи кетишни истаганида, уни мажбуран ушлаб қололмаймиз. Дилрабо Асадовага Қозоғистондан таклифлар бўлди. Бундай футболчиларнинг жамоамизни тарк этиши афсусланарли. Буни яхши жиҳати ҳам бор, таркиб 60-70 фоизга ёшарганини қайд этиш жоиз. Афсуски, мавум аввалига қадар таркибни ўзим истаган даражада шакллантира олмадим. Бунинг учун вақт ҳам, молиявий имконият ҳам бўлмади. Лекин, бу “Бунёдкор-W” чемпионлик учун курашмайди, дегани эмас. Биз ҳар доим ўз олдимизга юқори мақсадларни қўямиз. Жамоа имижини сақлаб қолишга интиламиз.
“Бунёдкор-W” 2018 йилдан буён ўзбек футболида катта юқутларга эришиб келмоқда. Бундан кейин ҳам шундай мақсадлар қўйилади. Эртага Суперкубокни қўлга киритиш учун майдонга тушамиз.
Людмила Карачик: Янги мавсумга тайёрмиз. Мақсадимиз - ғалаба қозониш. Таркибда ўзгаришлар бор, аммо у қадар катта эмас. Жароҳатдан тикланиб улгурдим, эртанги баҳсга 100 фоиз тайёрман.
Умида Зоирова: Биз Суперкубокда биринчи марта ўйнамаяпмиз. Бу борада тажрибага эгамиз. “Сўғдиёна-W” таркибидаги легионерлар? Улар ҳам ўзимиз сингари футболчилар. Таркиб кучайгандир, лекин биз ҳам улардан кам эмасмиз.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар