"Энди имкон қолмаган, хоҳиш бор, лекин..." - "Динамо" легионери тақдирга тан берди...ми?
Ҳозирги кунда самарқандлик мухлисларга оғир. Ўтган йили “Динамо”нинг Суперлигага қайтганини хурсандчилик билан қарши олгандилар. Энди эса бир йил ўтар-ўтмас бечора ишқибозлар севимли жамоасининг про лигага равона бўлаётганидан қаттиқ изтиробдалар.
Тўғри, чемпионат тугашига яна 4 та тур қолди. “Динамо” эса аллақачон ўзига-ўзи “ҳукм” ўқиб бўлгандек. Чунки турнир жадвалида улар 9 очко билан охирги ўринда қолиб кетди. 13-поғонадаги “Қўқон-1912”да эса 18 очко бор. Энди хулоса ўзингиздан!
“Динамо”дагилар биринчи даврадан кейин ҳам таркибни янада кучайтириб, қийин вазиятдан чиқиб кетиш учун ҳаракатга тушиб қолгандилар. Эркин Бойдуллаев, Марат Бикмаев каби грузиялик легионер Элгужа Григалашвилини ҳам “Навбаҳор”дан “Динамо”га ўтишга кўндиришди. Рости, ёзги селекцияда тажрибали ушбу футболчининг чемпионлик учун курашаётган “Навбаҳор”ни тарк этиб, Суперлигада қолиш учун курашаётган “Динамо” таркибига қўшилишини ҳеч ким кутмаганди. Хўш, легионер ўйинчи Самарқанддаги фаолияти ҳақида нималар дейди?
- “Динамо” мавсумни жуда бўш ва омадсиз ўтказяпти. Натижалар ҳам шунга яраша қониқарсиз. Ваҳоланки, ёзги селекцияда таркибда сиздан ташқари Марат Бикмаев, Эркин Бойдуллаев, Шохруҳ Маҳмудхожиев каби футболчилар таклиф қилинганди. Шунда ҳам натижалар салбий...
- Аммо бу - футбол. Унда эса ютиш мумкин бўлган нарсаларни қўлга киритишга интилмоқ керак. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.
- Деярли барча “Динамо”да Суперлигада қолиш учун имконият қолмагани ҳақида гапиримшмоқда. Бизнингча ҳам “Динамо” энди жон сақлаб қола олмаса керак. Бу фикрга қўшиласизми ёки йўқми?
- Йўқ, энди имкон қолмаган. Ҳеч қандай!
- “Динамо”да молиявий томондан ҳолат қандай? Бу борада муаммо борми?
- Ҳеч қандай. Молиявий масалада муаммолар йўқ.
- Иккинчи давра бошларида бош мураббийликка келган Вадим Абрамов ҳам натижа кўрсата олмаяпти. У келгач, жамоа ўйинида қандайдир ўзгариш сезилдими?
- Ўйинимиз омадли чиқяпти, дея олмаган бўлардим. Шунинг учун ҳам...
- “Навбаҳор”да ҳаммаси яхши эди. “Динамо”га кўчиб ўтиб хато қилдим деб ўйлайсизми? Бундай йўл тутишингизга нима сабаб бўлганди?
- Ҳеч қандай сабаб йўқ. Шунчаки, кетишни хоҳладим. Албатта, жамоага ёрдам бермоқчи эдим, иложи бўлмади.
- Қониқарсиз ўйин ва натижалардан сўнг “Динамо” футболчиларида кайфият ҳам, хоҳиш ҳам шунга ярашами?
- Деярли ҳар бир ўйинни бой бераётганимиздан кейин аҳвол қанақасига яхши бўлсин?! Хоҳиш бор, лекин бизда ҳаммаси омадсиз кетяпти.
Ҳа, Григалашвили ҳам кўринишидан тақдирга тан берган кўринади. Аммо кўряпмизки, легионер “Динамо” таркибида ҳар бир учрашувда деярли тўлиқ ўйнаб, жамоаси учун курашяпти. Бироқ натижа ўхшамаганидан кейин у ҳам нима қилсин?! Григалашвили иккинчи даврадан “Динамо” сафида тўлиқ ўйнаб келяпти. Лекин ҳозирча у фақат битта гол урди холос.
У чемпионатимизда “Қизилқум”, АГМК, “Навбаҳор” сингари клубларда тўп сурди. Бироқ ҳеч бирида “Динамо”дагичалик омадсизликка юз тутмаганди. Футболда эса ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини шундан ҳам билиш мумкин.
Фикрлар