Энди Про лига учрашувлари ҳам жонли эфирда намойиш этилади

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда UZREPORT TV ўртасида Про лига мусобақасининг медиа ва тижорат ҳуқуқлари бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда. Мазкур шартнома 2024 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади.

UZREPORT TV футбол ишқибозларининг миллий футболимизга бўлган қизиқишларидан келиб чиқиб, шунингдек, мамлакат футболи ривожига ҳисса қўшиш мақсадида ЎзПФЛга таклиф билан чиқди. Бир ойга яқин давом этган музокаралар якунида икки томон ўзаро манфаатли келишувга эриша олди.

Эндиликда, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб UZREPORT TV Про лиганинг ҳар бир туридан энг қизиқарли ва марказий учрашувларни UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этади. Келишувга кўра, учрашувларни жонли трансляция қилиш ҳажми йилдан-йилга ортиб боради.

Сизга сир эмаски, пандемия даврида жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан ҳаракатлар давом этмоқда. Аммо футбол мухлисларининг стадионларга ташрифи масаласи ҳозирча кун тартибида эмас. Мана шундай шароитда Про лига учрашувларининг намойиш этилиши лига манфаатлари учун хизмат қилади. Қолаверса, эндиликда томонлар Про лига мусобақаси учун титул ва расмий ҳомийлар масаласида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилади. Бу эса табиийки, бозор иқтисодиёти тамойилларига босқичма-босқич амал қилиш, Суперлигада бўлгани каби йирик компаниялар билан шартнома имзолаш имкониятини яратади.

Ҳамкорликдаги асосий масалалардан бири Про лига савиясини кўтариш ва уни максимал даражада Суперлигага яқинлаштиришдан иборатдир. Ҳар икки лига ўртасидаги рақобатдан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси манфаатдордир. Қолаверса, эндиликда Про лига клубларида ҳам ўзини намоён этиш, мазкур лига футболчиларида эса терма жамоа мураббийлари назарига тушиш имконияти пайдо бўлади.

UZREPORT TV ва ЎзПФЛ фақатгина бу билан чекланиб қолмайди. Пандемия тартибларининг юмшашига қараб, стадионларга мухлисларни қайтариш, уларнинг учрашувларга бўлган қизиқишларини ошириш йўналишларида ҳам иш олиб борилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Javlon Abdullaev
15/07/2020 15:04
Tupizim
Расулжон Тоштемиров
15/07/2020 13:53
Яхши булар эди рахмат