Энди уч нафар ўзбекистонлик аёл футболчилар "Трабзонспор" клубида ўйнайди. Аслида ҳаммаси қандай юз берди?

Хориж клублари томонидан ўзбекистонлик аёл футболчиларга бўлган талаб ва эътибор борган сари ортиб боряпти. Одатда, аёллар футболидаги янгиликлар камроқ ёритилишини тан оламиз. Лекин энди вазият ўзгаряпти ва бизда ҳам нуфузли чемпионатларда ўйнай оладиган аёл ўйинчиларимиз кўпайиб боряпти. Бу эса аёллар терма жамоамиз учун жуда муҳим.

Тўғри, терма жамоамизни охирги пайтда халқаро ареналардаги иштироки у қадар муваффақиятли чиқмаяпти. Лекин бизда яхши савиядаги аёл футболчиларимиз ҳам бор. Маълум бўлишича, уч нафар ўзбекистонлик ўйинчи Туркия Суперлигасига кўчиб ўтди. Жумладан, “Металлург-W” жамоасида тўп сурган Сетора Токабаева, “Севинч” етакчиларидан бири Шаҳризода Зайниддинова ҳамда АГМК-W клуби шарафини ҳимоя қилган жамоа сардори Камила Зарипова энди “Трабзонспор” жамоасида тўп суради. Ушбу клуб эркаклар футболида ҳам, аёллар футболида ҳам ўз мавқеига эга эканлигини қўшимча қилиш жоиз.

трабзон1

Шу ўринда савол туғилади. “Трабзонспор” клуби қандай қилиб, ўзбек аёл футболчиларига қизиқиб қолди? Гап шундаки, бир неча йилдан буён Туркияда агент сифатида ишлаб келаётган Кова Тилавпурнинг учала футболчимизни “Трабзонспор” клубига ўтишида ҳиссаси катта бўлди. Бевосита Тилавпур ушбу трансфер амалга ошишида бош-қош бўлди.

кова

Маълум бўлишича, Токабаева, Зайниддинова ва Зарипова янги клубига қўшилган ва ўртоқлик учрашувида майдонга тушишга ҳам улгурган. Куни кеча “Трабзонспор” клуби ўзбекистонлик ўйинчилар билан расман шартнома имзолади. Энди легионерга айланган қизларимиз мавсум охирига қадар Туркия чемпионатида тўп суради. Учала футболчимиз ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасида етакчилар қаторида тилга олинади. “Трабзонспор” олдига жиддий вазифаларни қўйган ва бу борада таркибни кучайтириш учун жиддий селекция ишларини олиб боряпти. Бу йўлда ўзбек футболчиларининг хизматига эхтиёж сезгани ёқимли. Клуб раҳбарияти вазифа бажарилиши йўлида легионерларимизнинг тажрибасига ҳам ишонч билдиришяпти.

траб

Эътиборлиси, легионер сифатида четда тўп сурган яна бошқа аёл ўйинчиларимиз ҳам бор. Маълумотларга қараганда, Туркияда юқоридаги футболчиларимиздан ташқари Солиҳа Ҳусниддинова ҳам фаолият олиб боряпти. Маҳлиё Сарикова билан Лиана Норбекова Дубай клубларида ўйнаб келган. Қолаверса, Камола Усмонова ва яна бошқалар Қозоғистон чемпионатида тўп сурганини қўшимча қилмоқчимиз.

траб1

Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Норсафаров футболчиларнинг имконияти ва салоҳиятини жуда яхши билади. Шунинг учун у “Трабзонспор” билан шартнома имзолаган қизларимиз ҳақида фикр билдирди.   

- Қизларимиз олдин ҳам Қозоғистон, БАА, Россия каби чемпионатларда ўйнаб келишган. Фақат у пайтда камроқ эди. Охирги пайтларда эътибор ортяпти. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ФИФА рейтингида 42-ўринда. Бу яхши кўрсаткич ҳисобланади. Ўтган йили Туркиядаги мусобақада қатнашгандик. У ерда скаутлар кўп бўлади. Балки ўшанда футболчиларимизни кўз остиларига олиб қўйган бўлиши мумкин. Битта клубда учта ўйинчимизнинг пайдо бўлиши жуда яхши. Яна бир қизимиз – Солиҳа Ҳусниддинова ҳам Туркияда. Фақат жароҳати бор эди, ҳозир Туркиянинг қайсидир жамоасида шуғулланяпти. Биласиз, туркларнинг чемпионатида савия юқори. Клублари Европа Чемпионлар лигасида ва яна бошқа нуфузли мусобақаларда иштирок этадилар. У ерга кетган қизларимиз учун жуда катта тажриба бўлади.

Бундан ташқари, Карачик, Шоимова ва Тилововага Беларусь клубларидан таклифлар бўляпти. Ҳаттоки, Испаниядан ҳам қизиқишлар бор. Охирги 2-3 йилда таклифлар кўпайди. Лекин Тиловова ёзда турмушга чиқади. Ўйинчиларимизнинг савияси ўсяпти. Уларни Европада тўп суришлари бизга фақат фойда бўлади. Ўзбекистонлик аёл футболчиларни таклиф қилишяпти, деган гапни ўзи – бу реклама. Четдан қизларимизга таклиф тушяптими, уларни муаммосиз қўйиб юбориш бўйича бошқа клубларга ҳам айтяпмиз. Легионерга айланган футболчи албатта тажрибасини оширади.

ЎФА томонидан аёллар футболига эътибор чиндан ҳам ортган. Раҳбарият доим биздан нима муаммолар борлигини, ҳали қилишга тайёрлигини айтишяпти. Демак, ҳаммаси оғизда эмас, амалда бажариляпти, - дейди Норсафаров.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!