Эркин курашчиларимиз Туркияда ажойиб натижалар қайд этишди
9 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида эркин кураш бўйича "Yasar Dogu-2020" анъанавий халқаро турнири старт олган эди. Мазкур турнирда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муваффақиятли иштирок этди десак янглишмаймиз. Сабаби, жорий йил ҳисобидан ўрин олган илк турнирда -70 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Иляс Бекбўлатов финалда мезбон курашчи Хайдар Явузни мағлуб этиб,олтин медални қўлга киритди. -57 кгда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ғуломжон Абдуллаевдан эса финалда бироз омад юз ўгириб, болгариялик Георгий Вангеловга имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан чекланди. -97 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси совриндори Магомед Ибрагимов худди Бразилиядаги каби бронза медали соҳибига айланди.
Энг оғир вазнли курашчимиз яъни, -125 кгда гиламга чиқадиган Ҳасанбой Раҳимов бронза медали учун баҳсда мезбонлар вакилини мағлуб этиб, шоҳсупадан ўрин олди. Ҳасанбой Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Токио Олимпиадасига йўлланмани ҳам қўлга киритган эди.
Фикрлар