Европа, Аббосбекни кутиб ол! Экспертлар Файзуллаевга мос жамоа танлади...
Россия Премьер-лигасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКАдан Европанинг кучли лигаларига трансфер қилиниши бўлиб турибди.
Аббосбекнинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қатарда бўладиган Осиё чемпионати унинг келажакдаги фаолиятига жиддий таъсир ўтказиши мумкин.
Россия футболи экспертлари ўзбек футболчиси яқин келажакда Европанинг қайси клубига ўтиши кераклигини муҳокама қилди. Улар Ўзбекистоннинг 2023 йилдаги энг яхши футболчиси, Россия Премьер-лигаси кашфиёти ва ЦСКАнинг энг кучли ўйинчиси сифатида эътироф этилаётган Файзуллаевга бешта жамоани тавсия қилмоқда.
Россия футболини ёритиб келаётган football24.ru сайти қуйидаги материални мухлислар эътиборига ҳавола этди.
“ТОТТЕНХЭМ”
“Тоттенхэм” Англия Пемьер-лигасида юқори ўринлар учун курашадиган жамоага айланиб бормоқда. Жамоа ҳужумчиси Сон Хён Мин ва Жеймс Мэддисонга суяниб қолган. Ришарлисон мавсумни барқарор юқори савияда ўтказа олмайди.
Бош мураббий Анге Пестекоглуга олдинги чизиқда фақатгина икки футболчининг барқарорлигиги совринлар учун курашишга камлик қилади. Аббосбек Файзуллаевдек ўйинчи эса, ҳужум чизиғида ҳар қандай позицияни ёпа олади.
Файзуллаевнинг асосий амплуаси – ҳужумкор футболчи. Бироқ ЦСКАда вазиятдан келиб чиқиб, кўпроқ қанотда ўйнади. “Тоттенхэм”да қанот ҳужумчилари доим танқис ва муаммо бўлган. Сон Хён Минни ҳам классик вингер, деб бўлмайди. У асосан эркин ижодкор сифатида ўзини кўрсатиб келмоқда.
Файзуллаев “Тоттенхэм”га ўтадиган бўлса, ҳар икки қанотдаги муаммони ҳал қила олади. Мисол тариқасида олганда, Аббос ўша жамоада ўйнаётган Бреннан Жонсондан ҳеч ҳам қолишмайди.
“МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД”
Мавсум давомида “Манчестер Юнайтед” қанот футболчилари етишмаслигидан қийналмоқда. Сентябрь ойидан бери давом этаётган жароҳат ва можаролар таркибни тўлиқ шакллантириш имконини бермаяпти.
Бу позицияда ўйнай оладиган Жейдон Санчо жамоадан четлатилган, Антони энди сафга қайтди, бироқ жамоага келганидан бери ҳали ишончни оқлагани йўқ.
Мэйсон Маунт саккизта учрашувда бирорта самарали ҳаракатни амалга ошира олмади ва энг омадсиз трансферлардан бўлди.
Эрик тен Хаг ҳозирча ёш ўйинчилар – Пельистри ва Гарначодан фойдаланишга мажбур бўляпти.
Бу ҳолатда Файзуллаев “Манчестер Юнайтед” асосий таркибига ёриб кира олади. Ҳатто статистика жамоанинг Маунт, Антони, Санчо, Марсьяль ва Пельистри каби вингерларининг умумий кўрсаткичлари биргина Аббосбек қайд этаётган натижаларга тенг келмаслигини кўрсатмоқда.
“РОМА”
“Рома” бош мураббий Жозе Моуриньо Рим келганидан бери таркиб муаммосини ҳал эта олмади. Охирги пайтда ҳужум Ромелу Лукаку атрофида қуриляпти. Ҳозирча, бельгиялик ҳужумчи мунтазам гол уряпти, лекин бир хил услубдаги ўйин катта жамоаларга қарши иш бермаслиги аниқ.
Қанотда ўйнайдиган Пеллегрини, Бове, Эл-Шаарави жорий мавсумда иккитадан самарали ҳаракатни амалга ошира олди холос. Файзуллаев статистик кўрсаткичлари устунлигидан ташқари Жозе Моуриньо қўллаётган футболга услуб жиҳатидан жуда мос тушадиган ўйинчи экани ҳам унинг фойдасига ишлайди.
Файзуллаев ҳимоядан қарши ҳужумга тез ўтишда жуда фойдали ўйинчи. Аббос биргина пас билан рақиб ҳимя чизиғини чеклаб қўйиб, жамоадошини рақиб дарвозаси олдида қулай позицияга олиб чиқишга уста.
“БОЛОНЬЯ”
“Болонья” ҳеч ким кутмаган паллада юқори ўринлар учун курашмоқда. Тьяго Мотти шогирдлари чемпионатда энг кам мағлубиятга учраган жамоалардан. Улар Еврокубокларга йўлланма берадиган ўринларга даъвогарлик қиляпти.
Ўз олдига катта мақсадларни қўйган жанговар ўртамиёна жамоа Европада фаолият бошлаш учун оптимал вариант.
Қолаверса, “Болонья”да самарадорлик бўйича муаммолар бор. Жамоа А Сериядаги дастлабки 17 та учрашувда атиги 21 та гол урли. Бу кучли олтиликда турган жамоалар орасида энг паст кўрсаткич. Бундай жамоада Файзуллаев нафақат асосий таркибга кира олиши, балки жамоа ҳужум чизиғининг етакчисига айланиш имконига эга.
Файзуллаев топ-клубларга ўтиш йўлида “Болонья”дан трамплин ўрнида фойдаланса бўлади.
“РБ ЛЕЙПЦИГ”
“Лейпциг” ҳар доимгидек Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берадиган ўринлар учун курашмоқда. Бу жамоа баъзан ҳуужм чизиғида ажойиб ўйин намойиш қилади. Бироқ бу ҳолат мунтазам кузатилмайди.
Бунга икки сабаб бор. Биринчидан, “Лейпциг”нинг ҳужумкор ўйини жамоавий ҳаракатлардан кўра ўйинчиларнинг индивидуал маҳоратига боғлиқ. Масалан, Хави Симонс ва Лои Опенда тўпни майдон марказидан олиб, гол уриб келиши мумкин.
Иккинчи сабаб эса, “Лейпциг”да захира ўриндиғи қисқа. Асосий таркиб вакилларидан бирортаси сафдан чиқса, дарров муаммо туғилади.
Файзуллаевнинг ажойиб техникаси, яхши шаклланган дриблинги, майдоннинг ҳар қандай нуқтасида рақибни алдаб ўтиш маҳорати унга ташаббусни қўрқмай ўз зиммасига олиш имконини беради. Айниқса, Аббос майдонни яхши кўра олади ва вазиятларни жуда зўр ҳис қилади. Бу қобилиятлар эса, унга таянч ҳудуд ва ҳужум чизиғини боғлашда катта устунлик беради.
Фикрлар
Халк маколи бежиз эмас!
Бу йилни ЦСКА да тугатиш керак!