Европа клуби ўзбек футболчисига “клиент” қидиряпти!
БАТЭ раҳбарияти жамоа бош мураббийи Александр Михайлов билан уришиб қолган ҳужумкор футболчи Шаҳбоз Умаровдан тезроқ қутилишга ҳаракат қилмоқда, деб хабар тарқатди беларуслик журналист Николай Ходасевич.
Шаҳбоз Умаров чемпионлик учун курашаётган БАТЭнинг энг кучли футболчиси ва асосий активи сифатида эътироф этилган. Борисовликлар ўйини очилиб бораётган ўзбекистонлик легионерни яна ярим мавсум ўйнатиб, шу ёз қимматроқ нархга сотиб юборишни режалаштирган эди.
Бироқ, мавсумолди тайёргарлик даврида кутилмаган можаро юзага келди. Ўртоқлик учрашувларидан бирида асосий жамоани қабул қилиб олган янги бош мураббий Александр Михайлов майдонда чиройли ўйнашга ҳаракат қилган ўзбек футболчисини икки бор ҳақорат қилади.
Бунақа муомалага кўникмаган ҳамюртимиз индамай майдонни тарк этади. Кейинчалик қилмиши учун бош мураббийдан узр сўраган Шаҳбоз Умаров ўринбосарлар таркибига ўтказилди.
Шу паллада ишга футболчининг агентлари аралашади. Беларусь матбуотида тарқатилган хабарга кўра, Умаров манфаатини ҳимоя қилаётган мутахассислар футболчининг ўринбосарлар сафида тўп тепишига йўл қўймайди.
Натижада Умаров мавсум бошланганидан бери бирорта беллашув қайдномасига ҳам киритилгани йўқ. Клуб раҳбарияти энг қимматбаҳо ўйинчисининг нархи тушиб бораётганидан хавотирда. Беларусда ўзбек футболчисининг маошини кўтарадиган клублар деярли йўқ. Кучлироқ лигалар вакиллари эса, ярим йилдан ошиқроқ вақт мобайнида майдонга тушмаган ўйинчи учун кўп ҳам харажат қилавермайди.
Николай Ходасевичнинг маълумот беришича, БАТЭ мутасаддилари ўзбек футболчисини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага оладиган клуб қидирмоқда. Ҳар ҳолда ўйнамаётган футболчига қуруқ маош тўлашдан уни ижарага бериб пул ишлаган маъқулроқ вариант.
Борисовликлар Умаров активидан пул ишлаб олиш фикридан қайтгани йўқ. Бюджетда пул кам. БАТЭни Александр Филипповичдан кейин бошқа легионерлар ҳам тарк этиши ҳақида хабарлар кўпайиб бораётгани бежиз эмас, - деб ёзди Николай Ходасевич.
Шаҳбоз Умаров Беларусь чемпионатига 2020 йилнинг бошида кўчиб борган. Дастлабки мавсумни “Энергетик-БГУ” сафида ўтказган ҳамюртимиз 30 та учрашувда тўртта гол ва учта ассист қайд этди. Унинг ўйини мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, мавсумнинг ўртасидаёқ БАТЭ Умаров билан шартнома имзолади ва ярим мавсум “Энергетик-БГУ”да қолишига рухсат берди.
Ўтган йили Шаҳбоз борисовликлар таркибида ўзини кўрсатди. Жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланган ҳамюртимиз 27 та учрашувда рақиблар дарвозасини олти маротаба ишғол қилиб, жамоадошларига саккизта голли пас узатди.
Бу мавсумда эса, ҳамюртимизга умуман имкон берилмаганини юқорида айтдик.
Шунга қарамай, Беларусь олий лигасида ўзбек футбол мактаби тарбияланувчилари алоҳида қадрланади. Хусусан, “Энергетик-БГУ” сафида ўйнаётган Бобур Абдухолиқов 13 та гол билан чемпионат тўпурарлари пойгасида биринчи ўринда бормоқда. Шоҳруҳбек Абдураҳмонов, Абдулқодир Ҳусанов ва Аббосбек Жумақулов жамоанинг совринли ўринлар учун курашишига катта ҳисса қўшяпти.
Яқинда Беларусь олий лигасининг яна бир вакили – “Белшина” ўзбекистонлик ҳужумчи Владислав Нуриевни ўз таркибига қўшиб олди.
Шомуродовни "Рома"даги дўсти билан бошқа суперклубда кутишяпти!
Шомуродовга рақобатни бой берган ҳужумчи “Реал”да Бензема ўрнини эгаллайди!
Фикрлар