Шомуродовга рақобатни бой берган ҳужумчи “Реал”да Бензема ўрнини эгаллайди!
“Реал” раҳбарияти ёши ўтиб қолаётган Карим Бенземага ўринбосар қидирмоқда. Мадридликлар ўзлари кўзлаган икки супертўпурар – Килиан Мбаппе ва Эрлинг Холандни қўлга кирита олмади. Энди уларнинг трансфер сиёсати кескин ўзгарди.
Карло Анчелотти бошчилигидаги мураббийлар штаби асосий эътиборни клуб тарбиясини олган ўйинчиларга қаратишга қарор қилди. Хусусан, мадридликлар энди ҳужум чизиғига қимматбаҳо юлдузларни олмоқчи эмас.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Реал” мутасаддилари жамоа етакчиси ва тўпурари Карим Бенземага муносиб ўринбосар қидирмоқда. Франциялик ҳужумчининг клуб билан шартномаси бир йилдан кейин якунланади.
Карим Франция терма жамоаси ҳужумидаги шериги Килиан Мбаппе келса, “Реал” билан ҳамкорликни узайтиришни режалаштирган эди. Мбаппе ўта катта маош эвазига Парижда қолишга қарор қилганидан кейин 34 ёшли ҳужумчи ҳам режаларига ўзгартириш киритадиган бўлди. Бензема бундан ўтган йилнинг августида узоқ муддатли шартнома тузиш бўйича “Қироллик клуби” таклифини рад этиб, келишувни атиги икки мавсумга узайтирганди.
Бензема бунгача бир неча марта фаолиятининг сўнгги босқичини ўзини тарбиялаган “Лион” жамоасида ўтказишини таъкидлаган эди. Катта эҳтимол билан, Карим келаси йили ёзда эркин агент сифатида қадрдон клубига қайтиб кетади.
Ҳозир таркибда франциялик тўпурарнинг ўрнини босадиган ҳужумчи кўзга ташланмаяпти. Клуб раҳбарияти таркибдаги ҳужумчилардан Лука Йович ва Марино Диас бир неча мавсумдан бери ўзини кўрсата олмаётгани учун улар яқин келажакда Карим Бенземанинг ўрнини эгаллай олмайди, деган қарорга келди.
Мадридликлар шу ёз ичи ҳар икки ҳужумчидан қутулишга ҳаракат қилади.
Раҳбарият асосий ўринбосар сифатида клуб тарбияланувчиси Борха Майорални танлади. “Қироллик клуби” бу ҳужумчини 2020 йилда кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан “Рома”га икки йиллик ижарага берганди. Агар ишлар кўнгилдагидек кетса, Рим клуби шу ёз испан ҳужумчисини трансфер қилиши керак эди.
Лекин ўтган йили ёзда “Рома”ни Жозе Моуриньо қабул қилиб олгач, португалиялик мутахассис ҳужум чизиғига “Женоа”дан Элдор Шомуродов ва “Челси”дан Тэмми Абрахамни олиб келди. Аввалги мавсумда “Рома”нинг энг зўр тўпурари бўлган Борха Майораль ўтган чемпионатнинг биринчи ярмида асосий таркибдаги жойини қайтариб олиш учун курашди. Лекин ички рақобатда Элдор Шомуродовга имкониятни бой берган “Реал” тарбияланувчисини Жозе Моуриньо жамоада олиб қолишни истамади.
Шу тариқа, Рим клуби Майорални 20 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмайдиган бўлди ва январдаёқ уни “Хетафе”га ижарага бериб юборди. Борха ўз юрти чемпионатида 18 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини олти марта ишғол қилди.
“Реал” Борха Майоралдан ташқари захира варианти сифатида иккинчи жамоада ўйнаётган Хуан Латасани ҳам рўйхатга киритган. 21 ёшли футболчи ёшлар лигасида 30 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 13 маротаба ишғол қилди.
Хуан Латаса “Реал”нинг асосий жамоасида дебютини ҳам нишонлади. Испания чемпионатининг Ла Лигаси 37-турида “Кадис”га қарши ўтказилган ўйинда Мариано Диас ўрнига майдонга тушиб, тўққиз дақиқа ўйнади.
Ўзбеклар “ёмон” қиляпти!
Жаноб Моуриньо, Шомуродовга бир қараб қўйинг!
Легионеримиз премьер-лиганинг энг қиммат ўйинчисига айланди!
Фикрлар