Европа томонлардаги легионеримизнинг голи муҳим ғалаба келтирди
Кейинги пайтда ўзбекистонлик легионерларга алоҳида эътибор қаратила бошлаган Беларусь чемпионати тобора қизғин паллага кириб бормоқда.
Ўтган мавсумда Жасур Яхшибоев, Шаҳбоз Умаров ва Ҳумоюнмирзо Иминовнинг муваффақиятли ўйинларидан кейин “Энергетик-БГУ” жамоаси жорий мавсум учун яна уч нафар ҳамюртимизни ўз сафига қўшиб олган эди. Бу гал пойтахтлик “талабалар” сафини Ўзбекистон Суперлигасида “Металлург”да ўйнаган Шаҳзод Убайдуллаев, “Насаф” тарбияланувчиси Бобур Абдухолиқов ва “Андижон”да ўзини кўрсатган Дониёр Абдуманнопов тўлдирди.
Сир эмас, “Энергетик-БГУ” Беларусь чемпионатининг ўртамиёна клубларидан ва совринли ўринлар учун кураша олмайди. Бу мамлакатда кейинги йилларда фақатгина икки клуб – “Шахтёр Солигорск” ва БАТЭ ўз олдига катта мақсадларни қўйиши мумкин холос. Шунга қарамай, “Энергетик-БГУ” легионерларимиз учун кучлироқ клублар ва Европанинг бошқа лигаларига ўтиш эшикларини очиб бериши бор гап.
Буни “Шериф” сафида УЕФА Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида дебют қилган Жасур Яхшибоев ва БАТЭ етакчисига айланган Шаҳбоз Умаров мисолида кўриш мумкин.
“Энергетик-БГУ”даги юртдошларимиз ҳам ўзини кўрсата бошлагани қувонарли. Беларусь чемпионатининг 23-турида минсклик “талабалар” Жодино шаҳрида “Торпедо-БелАЗ” жамоаси меҳмони бўлди.
Ўртамиёна жамоалар тўқнашуви тақдирини ягона гол ҳал қилди. Ўйиннинг 29-дақиқасида Бобур Абдухолиқов қанотдан узатилган тўпни рақиб дарвозасига аниқ жойлади. Қолган вақт ичида томонлар бир неча бор ҳужум уюштирганига қарамай, Бобурнинг голи ягоналигича қолди.
Учрашувда фаол ўйнаган Шаҳзод Убайдуллаев иккинчи бўлим ўрталарида жароҳат олди ва орадан бир неча дақиқа ўтиб, захирага олинди.
Ғалаба голи муаллифи Бобур Абдухолиқов ҳам 81-дақиқада ўрнини бошқа футболчига бўшатиб берди. Дониёр Абдуманнопов “Энергетик-БГУ” таркибида битта ўйин ўтказганидан кейин майдонда кўриниш бергани йўқ.
“Энергетик-БГУ” очколари сонини 27 тага етказиб, мусобақа жадвалининг саккизинчи поғонасига жойлашди.
Таъкидлаш жоизки, Бобур Абдухолиқов аслида йил бошида Украинанинг “Рух” жамоасига қўшилган эди. Бироқ, бу львовликлар бош мураббийи ва унинг ёрдамчиларининг муносабати Бобур шартномани бекор қилиб, клубни тарк этишига сабаб бўлди.
“Рух” мураббийлари истеъдодли ҳужумчимизни фақат ёшлар жамоасида ўйнатди. Бобур олтита учрашувда иккита гол уриб, салоҳиятини намойиш қилган бўлса-да, унга асосий таркибдан жой берилмади. Вақтни бекор ўтказишни истамаган Абдухолиқов юртимизга қайтиб келди ва ўзига билдирилган таклифлар орасида “Энергетик-БГУ” вариантини маъқул топди.
Эслатиб ўтамиз, бу уч нафар футболчидан Бобур Абдухолиқов ва Шаҳзод Убайдуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилар ҳисобланади. Бобур Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида 40 та учрашувда 21та гол урган, миллий терма жамоа сафида эса уч маротаба майдонга тушган. Шаҳзод Убайдуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг учта учрашувида қатнашиб, Тожикистон терма жамоаси дарвозасига тўп киритган.
Фикрлар