Европадаги легионеримиз дисквалификация қилинди
Туркия Суперлигасида “Сивасспор” клуби шарафини ҳимоя қилаётган легионеримиз Азизбек Турғунбоев жамоаси билан 16-турда “Бодрумспор” клуби меҳмони бўлди.
Учрашув сивасликлар учун омадсиз якунланди. Чемпионат аутсайдерларидан бўлган бодрумликлар учрашувда рақиб дарвозасига жавобсиз иккита тўп киритиб, муҳим уч очкога эга бўлди.
Ушбу баҳс олдидан “Сивасспор” вакилларидан Азизбек Турғунбоев, Рей Манай, Фоде Койте, Харилаос Харисис ҳисобида учтадан сариқ карточка йиғилиб қолгани учун “Бодрумспор”га қарши эҳтиётроқ бўлиб ўйнаши талаб этиларди.
Учрашувни бошланғич таркибда бошлаган Азизбек Турғунбоев захирага олинишидан бир дақиқа аввал, яъни 89-дақиқасида сариқ карточка билан жазоланди.
30 ёшли легионеримизда огоҳлантиришлар сони тўрттага етгани боис, навбатдаги турга дисквалификация қилинади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчиси 22 декабрь куни “Самсунспор” билан бўладиган баҳсда жамоадошларига ёрдам бера олмайди.
Шуниндек, Бодрумдаги учрашувда тўғридан тўғри қизил карточка олган Урош Радакович ҳам “Сивасспор”нинг навбатдаги ўйинида қатнашмайди.
Эслатиб ўтамиз, Азизбек Турғунбоев жорий йил бошида Қатарда ўтказилган Осиё кубогидаги ўйинлари эвазига Туркия клуби эътиборига тушганидан кейин, февраль ойида “Сивасспор”га кўчиб ўтди.
Легионерга айланганугига қадар наманганлик футболчи Ўзбекистон Суперлигасида “Навбаҳор” ва “Пахтакор” жамоаларида ўйнаган.
Майдонда бир неча позициядан ўйнай оладиган универсал футболчимиз Ўзбекистон чемпионатида 175 та учрашувда 35 та гол ва 11 та ассист муаллифи бўлган эди. Бундан ташқари, маҳаллий ва халқаро миқёсдаги турли мусобақаларда 45 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўққизта гол ва бешта ассист ёздириб қўйган.
Азизбек Турғунбоев “Сивасспор” таркибига бориб қўшилганидан бери Туркия чемпионатида ҳозирга қадар 27 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига битта гол урган ва жамоадошларига учта голли пас берган.
30 ёшли ўйинчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилнинг май ойидан бери ўйнаб келмоқда. У халқаро миқёсда ҳозирга қадар 37 маротаба майдонга тушиб, Таиланд дарвозасини иккита учрашувда бир маротабадан ишғол қилган. Шунингдек, Азизбек Австралия ва Мексика сингари кучли терма жамоалар билан бўлган ўйинларда ҳам рақиб дарвозасини аниқ нишонга олишга муваффақ бўлди.
Transfermarkt портали экспертлари тажрибали ўйинчимизни бир миллион еврога баҳоламоқда. Унинг “Сивасспор” билан тузган шартномаси 2025 йилнинг 30 июнига қадар давом этади.
Фикрлар