Файзуллаев кетди, ЦСКА хавотирда
25 апрель куни ЦСКАни жуда қийин ўйин кутиб турибди. Россия Премьер-лиганинг 21-тури кечиктирилган учрашувида “армиячилар” принципиал рақиб – “Спартак”ни қабул қилади.
Пойтахт дербиси олдидан ЦСКА жамоаси жуда катта йўқотишга дуч келган. Асосий ўйинчилардан Виллиан Роша ва Игорь Дивеев ўтган учрашувда қизил карточка олгани, Аббосбек Файзуллаевнинг огоҳлантирилишлари сони тўрттага етгани боис “Спартак” билан ўйинга дисквалификация қилинган.
Россия футболи экспертлари бу ҳолат оқибатлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Николай Наумов, “Локомотив” клуби собиқ президенти:
ЦСКАнинг бу уч етакчи футболчиси “Спартак” билан бўлажак тўқнашувда “армиячилар”га ёрдам бера олмайди ва бу жуда катта йўқотиш ҳисобланади. ЦСКАнинг захира ўринжиғи ҳам етарли даражада узун эмас.
Шу боис, мезбонларга “Спартак” билан ўйнаш жуда қийин бўлади. Чунки “армиячилар” тўлиқ таркиб билан ҳам “Ахмат”га қарши яхши ўйнай олмади. Бу мени ҳайрон қолдирди. Шунинг учун ҳам бу уч футболчи ЦСКА учун жуда катта йўқотиш. Менимча, улар “Спартак”га ютқазиб қўйса керак.
Руслан Пименов, Россия терма жамоаси собиқ футболчиси:
Роша, Дивеев ва Файзуллаевсиз ЦСКАга “Спартак”ка қарши ўтказиладиган пойтахт дербисида жуда қийин ва оғир бўлади. Чунки уларнинг бари асосий ўйинчилардир. Бу ўз навбатида, “Спартак” учун жуда яхши имконият. Улар ғалаба қозониши мумкин. Уларнинг мухлислари ғалабани кутиб қолди.
Евгений Алдонин, ЦСКА ва Россия терма жамоасининг собиқ сардори:
Албатта, бу йўқотишлар ЦСКА учун жуда катта муаммо туғдиради. Қолаверса, Роша, Дивеев ва Файзуллаев асосий таркибнинг муқим ўйинчилари эди. “Спартак” билан бўладиган дерби принципиал аҳамиятга эга ва ўта муҳим баҳс ҳисобланади.
Мураббийлар штаби вазиятдан чиқиб кетиш учун нималардир ўйлаб топишига тўғри келади. Нима бўлган тақдирда ҳам жамоа сифат нуқтаи назаридан ютқазади, ўйин томошабоплиги пасайиб келажи. Чунки уларнинг ҳаммаси муҳим ўйинчилар эди.
Аббосбек Файзуллаев “Ахмат”га қарши учрашувдан кейин Москвани тарк этди. Легионеримиз Қатарда 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирокида ўтказилаётган Осиё кубогида иштирок этиш учун Ўзбекистон U-23 терма жамоаси сафига келиб қўшилди.
Аслида 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз “Спартак” билан бўладиган муҳим ўйиндан кейингина йўлга чиқиши ва терма жамоа ихтиёрига бориши режалаштирилган эди.
Тимур Копадзе бошқараётган терма жамоамиз олдига Осиё кубогида бош соврин ва Париж Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш вазифаси юклатилган.
Қоидага кўра, Осиё кубогида дастлабки учта ўринни эгаллаган терма жамоалар Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Тўртинчи ўрин соҳиби Африка қитъаси вакили Гвинея билан плей-оффда ўзаро куч синашиши белгиланган.
Файзуллаев терма жамоа учун ЦСКАни “қурбон” қилдими?
Фикрлар