Файзуллаев ўз жамоасини топди!
Аббосбек Файзуллаев учун бу мавсум ҳам муваффақиятли ўтмоқда. 21 ёшли ҳужумкор футболчимиз клуб таркибида ҳам, миллий терма жамоа сафида ҳам сермаҳсул ўйин кўрсатяпти.
Хусусан, янги мавсумда ЦСКА сафида барча турнирларда 19 маротаба майдонга тушиб, иккита гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ноябрь ойида ўтказган иккита расмий учрашувида Аббос ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйди.
Файзуллаев клуб ва халқаро миқёсдаги фаолияти туфайли Осиё футбол конфедерацияси томонидан қитъанинг энг яхши ёш футболчиси соврини билан тақдирлангани ҳам ҳамюртимизнинг эътироф ва эътиборда эканидан далолат беради.
Россия футболидаги таниқли шахс, тажрибали мураббий Валерий Непомняшчий Аббосбек Файзуллаев ҳақида илиқ фикр билдирди.
- Менга Аббосбек Файзуллаев жуда ёқади. У яхши йигит, ақлли, жуда зўр сифатларга эга.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг умумий суратга тушиш жараёнида ЦСКА либосини кийиб олгани унинг клубга бўлган муносабатини намоён қилади. Мен учун бу ўзига хос кашфиёт ва янгилик бўлди.
Файзуллаев – “армиячилар”нинг етакчи ўйинчиларидан бири. Бу жамоада креатив футболчилар жамланган.
Аббос жамоага тезлик олиб келди, керакли вазиятларда кутилмаган ечимлар топади, устунликка эришади.
Файзуллаевнинг ЦСКА ўтгани унга муваффақият келтирди, Аббос ўз жамоасини топди ва шунинг учун ҳам борган сари ўйини очиляпти, ўзи эса ўсмоқда, - деди Валерий Непомняшчий.
Россиялик мутахассис ўзбек футболига бефарқ эмас. Валерий Кузьмич 2006 йилда “Пахтакор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган.
Аббосбек Файзуллаев айнан “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. ЦСКА уни 2023 йилнинг августида 500 минг евро эвазига трансфер қилган. Бугунги кунда 21 ёшли легионер 6 миллион еврога баҳоланмоқда.
Фикрлар