“Рома” шов-шувли трансферга қўл урмоқда: Шомуродов ўрнига “Реал” юлдузи келади
“Рома” раҳбарияти жамоага бош мураббий этиб тайинланган Клаудио Раньерига керакли ўйинчиларни олиб берадиган бўляпти. Таниқли мураббий мавсум охиригача жамоа ишларин ўнглаб бериши керак.
Январь ойига мўлжалланган трансферлардан бири анча шов-шувли бўлади. Таниқли инсайдер Фабрицио Романо римликлар “Реал” ҳужумчиси Эндрикни олиб келиши ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.
“Рома” спорт директори Флоран Гисольфи куни кеча клуб бошқарувидагилар янги стратегияни амалга оширишга қўл ураётганини маълум қилди. Энди римликлар асосий эътиборини жамоани яшартиришга ҳаракат қилади. Ёши ўтиб бораётган номдор ўйинчилар ўрнини истеъдодли ёшлар эгаллайди.
Клубга эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи мутасаддилардан ана шу йўналишдаги ишларни йўлга қўйишни талаб қилмоқда.
Бунгача амалга оширилган трансферлар орасида фақатгина Артём Довбик ўзини оқлагани таъкидланди. Фабрицио Романо украиналик форвардга ўринбосар сифатида римликлар “Реал”дан бразилиялик Эндрикни олиб келадиган бўлди. “Реал” ёш юлдузчасини сотмаслиги аниқ. “Бўрилар” уни ижарага олишга уриниб кўради.
Айни пайтда “Рома”да фақат икки нафар марказий ҳужумчи бор. Довбикдан ташқари Элдор Шомуродов соф марказий ҳужумчи ҳисобланади.
Бироқ ўзбек легионери ўйинларда ўзини етарли даражада кўрсата олмади. Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоасида жароҳат олиб, бир неча ҳафтага сафда чиқди.
“Рома” фаолиятини ёритиб бораётган romaforever.it сайти эксперти Франческа Ди Нора пойтахт клуби Шомуродов билан хайрлашишга қарор қилгани ҳақида ёзган эди.
Манбага кўра, спорт директори Гисольфи январда ўзбек ҳужумчисини бошқа клубга ижарага бериш ёки тўлиқ трансфер қилиб юбориш бўйича иш олиб боради.
Бу маълумотлардан келиб чиқиб, агар “Рома” Эндрикни қўлга киритадиган бўлса, Шомуродовнинг майдонга тушиши янада қийинлашади ва легионеримиз қишда ўзига ўйин амалиёти берадиган бошқа клубга ўтгани маъқул бўлиб қолади.
“Реал” 18 ёшли Эндрикни ёзда катта умидлар билан трансфер қилганди. Марказий ҳужумчи учун мадридликлар “Палмейрас”га 47,5 миллион евро тўлаган. Бироқ Карло Анчелотти футболчига етарли даражада ўйин амалиёти бермаяпти.
Испания чемпионатида Эндрик саккизта учрашувда жами 55 дақиқа ўйнади ва ўз ҳисобига биттадан гол ва ассист ёздириб қўйди. Чемпионлар лигасида иккита ўйинда бир соатдан кўпроқ ҳаракат қилиб, битта гол уришга эришди.
Экспертларнинг таъкидлашича, Шомуродовнинг “Рома”даги келажаги пойтахт клубининг янги марказий ҳужумчи олишига чамбарчас боғлиқ бўлади.
Файзуллаев Европага кетяптими?
Грандлар нишонида турган Ҳусановнинг ўйини Европада қандай баҳоланди?
Фикрлар