Ферран Торрес Фликни ўйлантириб қўйди: ҳал қилувчи ўйинни асосийда бошлаши мумкин

"Барселона" ҳужумчиси Ферран Торрес "Эспаньол"га қарши дербида кўрсатган ўйини билан бош мураббий Ханс-Дитер Фликда катта таассурот қолдирди. Испаниялик футболчи дубль қайд этиб, жамоасининг 4:1 ҳисобидаги йирик ғалабасига муҳим ҳисса қўшди.

Маҳаллий манбаларга кўра, немис мутахассиси Торреснинг формасидан жуда мамнун ва уни Чемпионлар лигаси 1/4 финали жавоб баҳсида "Атлетико"га қарши асосий таркибда тушириш вариантини жиддий кўриб чиқмоқда. Каталония клуби биринчи учрашувда 0:2 ҳисобида ютқазгани учун Мадриддаги баҳс жамоа учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Эътиборли жиҳати, Торрес ушбу дубль орқали узоқ давом этган голсиз сериясига ҳам барҳам берди. У 31 январдан бери рақиб дарвозасини ишғол қила олмаётганди ва бу серия 14 та ўйинга чўзилган эди.

Энди Флик учун асосий савол — ҳужум чизиғида айнан кимни танлаш. Торреснинг қайта очилган формаси "Атлетико"га қарши камбэк режасида муҳим қуролга айланиши мумкин. 14 апрель куни Мадридда бўлиб ўтадиган тўқнашувда унинг илк дақиқалардан майдонга тушиши эҳтимоли анча юқори баҳоланмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!