ФИФА Аргентина – Миср ўйинидаги ҳакамликни баҳолади

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Жаҳон чемпионати–2026 1/8 финал босқичидаги Аргентина – Миср (3:2) учрашувида ҳакамлар иши атрофидаги баҳсларга ФИФА ҳакамлар қўмитаси раиси Пьерлуиджи Коллина изоҳ берди.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир голдан сўнг видеоассистент ҳакам (ВАР) ҳужум пайтида тўп назорати босқичини тўлиқ текширади.

«Ҳар бир голдан кейин ВАР ҳужумда тўп назорати босқичини кўриб чиқади. Агар ҳужум давомида ВАР фикрига кўра голга бевосита таъсир қилган қоидабузарлик аниқланса, видеоқайдни қайта кўриш тавсия этилади. Бу ерда эпизод дарвозага қай даражада яқин бўлгани ёки фол билан гол орасида қанча вақт ўтганига оид аниқ чеклов йўқ.

Бунга мисол сифатида Аргентина – Миср учрашувида Мисрнинг бекор қилинган голини олиш мумкин. Ўша вазиятда Марван Аттиа очиқ-ойдин равишда Лисандро Мартинеснинг оёғига босиб кетган эди.

Биз учун фол – фолдир. У «очевид» кўринади ёки йўқми, агар майдондаги ҳакам буни кўрмай қолган бўлса, ВАР аралашиши мумкин.

Худди шу тарзда, агар голга олиб келган ҳужум пайтида ҳеч қандай қоидабузарлик аниқланмаса, ВАР бу ҳақда майдондаги ҳакамга хабар беради.

Рақиб оёғига босиш қоидабузарлик ҳисобланади. Лекин агар ҳимоячи аввал тўпга тегиб, шундан сўнг оддий футбол тўқнашуви юз берган бўлса, бу фол сифатида баҳоланмайди.

Мисол сифатида ўша Аргентина – Миср ўйинининг охирги дақиқаларидаги вазиятни келтириш мумкин. Жарима майдонида Мухаммед Салоҳ ва Хулиан Альварес иштирокидаги эпизодни ҳам майдондаги ҳакам, ҳам ВАРдаги ҳакамлар одатий футбол тўқнашуви сифатида баҳолашди.

Албатта, айрим қарорларда ҳар доим маълум даражада субъективлик бўлади. Лекин бутун турнир давомида ушбу принцип қандай қўлланилганидан мамнунмиз», – дея таъкидлади Пьерлуиджи Коллина.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!