
ФИФА кунларидан сўнг яна Суперлигага қайтамиз ёхуд сиз кутаётган ўйинлар яқин
ФИФА кунлари якунлангач, яна бор эътиборимиз ички чемпионатга қаратилмоқда. Бугун Суперлигада 12-турга старт берилади. Бизни қандай жуфтликлар кутмоқда?
13 июнь.
20:00. “Қўқон-1912” – “Машъал”
Про лигадан Суперлигага йўл олган бу клублар Қўқонда ғолиблик учун куч синашишади. Бир-бирига муносиб рақиблар дейиш мумкин. Турнир жадвалида улар бир хил очко билан ёнма-ён боришмоқда. Жамоалар эхтиёткорлик асосий ўринда бўлган ўйинни намойиш қилган ҳолда ўз имкониятларидан максимал фойдаланиш пайида бўладилар. Ҳозирча имкониятлар тенг.
20:00. “Бухоро” – “Андижон”
“Бухоро” клубининг уй стадиони ҳали фойдаланишга топширилмаганлиги сабабли жамоа ўзида ўтиши керак бўлган учрашувларни бошқа ареналарда қабул қилиб келяпти. Бу сафарги ўйинда улар номинал мезбон сифатида Самарқанддаги “Динамо” стадионидан фойдаланадилар. Рақиб “Андижон”. Қизиқарли ўйин бўлиши кутилмоқда. Иккаласига ҳам ғалаба жуда зарур. Жамоаларнинг кўрилган тайёргарлигига ҳам кўп нарса боғлиқ.
14 июнь
20:00. “Бунёдкор” – “Пахтакор”
Турнинг марказий ўйинларидан бири муҳташам “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Унда Илёс Зейтуллаев бошчилигидаги “Қалдирғочлар” Камолиддин Тожиев устозлигидаги “Пахтакор”га қарши баҳс олиб боради. “Бунёдкор” очиқ ва қизиқарли футбол намойиш этмоқда. “Пахтакор” билан баҳсда ҳам Зейтуллаев жамоаси бу услубидан чекинмаслигига ишонамиз. “Пахтакор” Тожиев бошқарувида анча ўзига келди ва аввалги темпига қайтди. Жуда муросасиз ўйинни кўрамиз. Мураббийларнинг қандай тактика қўллаши ҳам албатта натижага ўз таъсирини кўрсатади.
20:00. “Қизилқум” – Cўғдиёна”
“Қизилқум” ўтган турда Навоийда “Хоразм”га 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйгач, сербиялик бош мураббий Никола Лазаревич истеъфога чиқарилди ва ўрнига вақтинча Акмал Рустамов бош мураббий вазифасига тайинланди. Ушбу клубларнинг натижалари мухлисларини у қадар шод қилмаяпти. Боиси, жамоалар 13 ва 14-поғоналарда бормоқдалар. Охирги 4 та ўйиндан бери “Қизилқум” ҳам,” Сўғдиёна” ҳам ғалаба қозона омлаяпти. “Қизилқум”га Лазаревичнинг кетиши қанчалик таъсир қилганини эртага кўрамиз.
20:00. ОКМК – “Шўртан”
Турнир жадвалида 2-ўринда бораётган жамоа билан 16-поғонани банд этиб келаётган клуб ўртасидаги ўйинда одатда кучлигининг ютиши катта эҳтимоллиги айтилади ва амалда ҳам шундай. Лекин охирги пайтларда “Шўртан”нинг ўйини ўзгарди ва бу кўзга ташланяпти. Табиийки, ОКМК бу баҳсда фаворит. Миржалол Қосимов эса футболчиларини асло бўшашишга йўл қўйиб қўймайди. Ғузорликлар ФИФА кунларидан чиқиб кучли рақибга қарши майдонга тушади ва очко қўлга киритиш учун бор имкониятини ишга солади. Лекин ОКМК ўз ўйинини намойиш қиладиган бўлса, у ҳолда рақибга жуда оғир бўлади.
15 июнь.
20:00. “Хоразм” – “Динамо”
Яна бир қизиқарли учрашув гувоҳи бўламиз. Жиззахда “Хоразм” номинал мезбон сифатида ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган “Динамо”ни қабул қилади. Суперлигага қайтган урганчликларнинг ўйини кўпчиликка ёқяпти. Айниқса, кучли рақибларга қарши учрашувларда ташаббусга эришаётгани, очколар олаётгани эътиборга молик. Бир неча кун олдин қолдирилган учрашувда “Хоразм” Навоийда “Қизилқум”ни 0:3 ҳисобида тор-мор келтирди. Ҳаким Фузайлов жамоаси “Динамо”га ҳам бош-оғриғи бўла олади ва жуда кескин, ҳужумкор ўйин кўрамиз.
20:00. “Сурхон” – “Нефтчи”
“Сурхон” барча клублар учун муаммолар ярата олади. “Нефтчи” билан учрашувда албатта таркиб борасида фарғоналиклар устун. “Сурхон” мухлислари қаршисида кучли рақибига қарши босим уюштиришга уриниши табиий. “Нефтчи”даги етакчилар индивидуал маҳоратини намойиш қилиши ҳам мезбонларга қўшимча муаммолар туғдиради. Бу баҳс ҳам турнинг безакларидан бирига айланса ажаб эмас.
20:00. “Насаф” – “Навбаҳор”
12-турнинг яна бир марказий учрашуви Қаршида ўтказилади. “Насаф” бу сафар “Навбаҳор”ни қабул қилади. Эски рақиблар ва бир-бирини нималарга қодирлигини сўзсиз яхши биладиган клублар ўртасида ўтадиган беллашув томошабоп ўтишига ишонса бўлади. “Насаф” ҳали ютқазгани йўқ. “Навбаҳор” эса сўнгги турлардаги ижобий ўйин ва натижалар эвазига 4-ўринга чиқиб олди. Жамоаларни фақат 5 очко ажратиб турибди. Сергей Лушчан жамоаси етакчига қарши ўйинда қандай услубда ҳаракат қилади? Рўзиқул Бердиев жамоаси ҳеч қачон ўзининг ўйин стратегиясидан воз кечмайди. Голларга бой ўйин кўришимиз ҳам ҳеч гап эмас.
Фикрлар