Флик Ла Лигада энг яхши мураббийи деб топилди
Испания Ла Лигаси раҳбарияти "Барселона" бош мураббийи Ханс-Дитер Фликни мавсумнинг энг яхши мураббийи деб эълон қилди.
Немис мутахассиси бошчилигида каталонияликлар чемпионатни 94 очко билан якунлаб, иккинчи ўриндаги "Реал"дан 8 очко ўзиб кетди. Жамоа 38 тур давомида атиги 6 марта мағлуб бўлиб, рақиблар дарвозасига 95 та гол урди.
Шунингдек, "кўк-анорранглилар" Ла Лига тарихида бир мавсумда ўз майдонидаги барча ўйинларда ғалаба қозонган илк жамоага айланди.
61 ёшли Флик ушбу мукофотни кетма-кет иккинчи йил қўлга киритмоқда. У 2024 йил ёзидан буён "Барселона"ни бошқариб келмоқда. Яқинда клуб мутахассис билан шартномани 2028 йилга қадар узайтирган эди.

Фикрлар