Формула-1. 19 ёшли Антонеллини тўхтатиб бўлмаяпти: “Мерседес” пойгачиси кетма-кет 4-пойгада ғалаба қозонди
“Мерседес” жамоаси ҳайдовчиси Андреа Кими Антонелли Канада Гран-присида ғалаба қозонди. Льюис Хэмилтон ва Макс Верстаппен мос равишда иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.
Пойга бошида ноодатий вазият юзага келди: айрим жамоалар ёмғир шиналарини танлади, бошқалари эса ёмғирдан кейин трек тез қуришини ҳисобга олиб, қуруқ об-ҳаво учун мўлжалланган шиналарни ишлатишди. Жумладан, “Мерседес” ва “Феррари” Софт шиналарни танлаган бўлса, “Макларен” пилотлари оралиқ (интермедиате) шиналарда старт олишди.
Шунингдек, “Рейсинг Буллз” аъзоси Арвид Линдблад пойга старти арафасида болиддаги муаммо сабаб Гран-при бошланмасиданоқ пойгани тарк этди. Бунинг натижасида қўшимча 2 айлана жамоалар шиналарни қиздириши учун кетди. Шу вақт ичида ёмғир ҳам бутунлай тўхтади.
Учинчи уринишда пойгага ниҳоят старт берилди. Биринчи бурилишдаёқ Ландо Норрис олдинга чиқиб, “Мерседес”нинг икки пилотини ортда қолдирди. Антонелли эса Жорж Расселлни ортда қолдириб, иккинчи ўринга кўтарилди, Хэмилтон эса Оскар Пиастрини қувиб ўтиб тўртинчи бўлди. Шундан сўнг “Макларен”нинг австралиялик пойгачиси биринчи айлана якунида пит-стопга кирди ва Медиум шиналарни олди, натижада пелотон охирига тушиб кетди.
Бир айлана ўтиб Норрис ҳам пит-стопга чақирилди. У ҳам Медиум шиналар билан трассага 14-ўринда қайтди, Антонелли эса пешқадамга айланди. Италиялик ҳайдовчига жамоадоши босим ўтказишда давом этди ва еттинчи айланишда етакчиликни қўлга олди. Антонелли шиналарини блоклаб қўйди, жамоадоши Расселл билан тўқнашиб кетишига сал қолди ва бурилишни кесиб ўтди.
Тўққизинчи айланишда Верстаппен Хэмилтонни ортда қолдириб, учинчи ўринга чиқди. Шу пайтда Норрис яна очколи зонага қайтди. Аммо унинг жамоадоши билан Алехандер Албон ўртасида контакт юз берди, натижада Пиастри яна боксларга киришга мажбур бўлди, Албон пойгани тарк этди. Оскар деярли бир айлана ортда қолган ҳолда 19-ўринда трассага қайтди.
Айни пайтда пешқадамлик учун Антонелли ва Расселл ўртасидаги кураш давом этаётган эди — жамоадошлар қаттиқ курашда бир-бирларини бир неча бор қувиб ўтишди.
Амалдаги чемпион Ландо Норрис яна боксларга чақирилди, у яна бир Медиум тўпламини олиб, 14-ўринда қайтди. 24-айланада британияликни янги пешқадам Антонелли бир айлана ортда қолдирди, шундан кейин Норрис хатога йўл қўйиб, жамоадошини ҳам олдинга ўтказиб юборди. Пиастри эса Албон билан тўқнашуви учун 10 сониялик жаримага тортилди.
30-айланада “Мерседес” пилотлари ўртасидаги етакчилик учун кураш виртуал хавфсизлик машинаси режими билан якунланди: Расселл трассада тўхтаб қолиб, пойгани тарк этди. Деярли барча пилотлар боксларга йўл олишди. “Феррари” муваффақиятсиз икки карра пит-стоп ўтказди — натижада Шарль Леклер Исак Хаджардан ортда қолди, Хэмилтон эса Верстаппендан олти сония орқада қолди. Рестартдан кейин монаколик пилот “Ред Булл” ҳайдовчисига ҳужум қила бошлади, бироқ Хаджар жуда қаттиқ ҳимояланиб, хавфли манёвр амалга оширди ва охир-оқибат нафақат позициясини бой берди, балки 10 сониялик жарима ҳам олди.
40-айланада Норрис учун ҳам пойга якунланди: “Макларен” пилоти хавфсизлик зонасида машинасини тўхтатди ва узатмалар қутисида муаммо борлигини маълум қилди.
Хэмилтон Верстаппендан фарқни тез қисқартирди ва 56-айланага келиб нидерландияликка фаол ҳужум қила бошлади. Финишга беш айлана қолганида “Феррари” пилоти иккинчи ўринга чиқиб олди. Верстаппен қарши ҳужум қилишга уринди, аммо Льюис иккинчи позицияни сақлаб қолди.
Формула-1. Канада Гран-приси
1. Андреа Кими Антонелли ("Мерседес") — 68 айлана.
2.Льюис Хэмилтон ("Феррари") +10.768;
3. Макс Верстаппен ("Ред Булл") +11.276;
4. Шарл Леклер ("Феррари") +44.151;
5. Исак Хаджар ("Ред Булл") +1 давра;
6. Франко Колапинто ("Альпин") +1 давра;
7. Лиам Лоусон ("Рейсинг Буллз") +1 давра;
8. Пьер Гасли ("Альпин") +1 давра;
9. Карлос Сайнс ("Уильямс") +1 давра;
10. Оливер Берман ("Хаас") +1 давра;
11. Оскар Пиастри ("Макларен") +1 давра;
12. Нико Хьюлкенберг ("Ауди") +1 давра;
13. Габриэль Бортолето ("Ауди") +2 давра;
14. Эстебан Окон ("Хаас") +2 давра;
15. Лэнс Стролл ("Астон Мартин") +4 давра;
16. Валттери Боттас ("Кадиллак") +4 давра;
Серхио Перес ("Кадиллак") - DNF (44-раунд);
Ландо Норрис ("Макларен") - DNF (41-раунд);
Жорж Расселл ("Мерседес") - DNF (31-раунд);
Фернандо Алонсо ("Астон Мартин") - DNF (28-тур);
Алекс Албон ("Уилямс") - DNF (13-давра);
Арвид Линдблад ("Рейсинг Буллз") - DNS (1-давра).

Фикрлар