ФР: "Андижон" форварди ҳакамдан узр сўрадими?

Суперлиганинг 2-тур баҳслари давом этади. "Пахтакор" стадиони мезбонлик қилган "Сурхон" 1:0 "Андижон" баҳсидаги ҳакамлик жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Дастлаб, "бургутлар" матбуот хизмати ўз норозилигини билдирган бўлса, бугун водийлик мухлислар Раҳимбек Каримов футболни тарк этишини талаб қилишмоқда. Вазият ростан ҳам шунчалик жиддиймиди? Ҳозир шу саволга биргаликда жавоб излаб кўрамиз.

3

Учрашув давомида 3та баҳсли вазият юзага келди: иккала қизил карточка ва бекор қилинган гол. Бу борада тажрибали ҳакамларимиздан бирига мурожаат қилиб, барча эпизодларни таҳлил қилдик.

1) Арвеладзенинг четлатилиши. 53-дақиқада рўй берган вазиятда "Андижон" ҳимоячиси тўпни йўқотиб қўйгач дарвозабон билан юзма-юз вазиятга чиқиб кетаётган Нуриддин Ҳасановни қўполлик билан тўхтатиб қолди. Бу сўнгги умид фоли ҳисобланади. Шу туфайли реферининг қарори тўғри бўлган.

2

2) Маматказиннинг бекор қилинган голи. Бир киши кам бўлиб қолганига қарамасдан, ҳисоб мезбонлар томонидан очилган эди. Гол аввалига инобатга олинди. Вазиятга ВАР (Азиз Асимов ҳамда Алишер Усмонов) аралашганидан кейин Каримов видеотакрор ёрдамидан фойдаланди ва ўйиндан ташқари ҳолатни қайд қилди. Трансляцияда намойиш қилинган сифатсиз кадр орқали вазиятга 100 фоизлик хулоса бериб бўлмайди. Лекин ВАР оффсайд чизиғини чизишда қўпол хатога йўл қўйгани аниқ. Бизга кўрсатилган стоп-кадрда "Сурхон" ҳимоячисининг оёғи чизиқ ташқарисида қолиб кетгани кўриняпти. Бу тўғри бўлса, ҳакамлар бригадаси "Андижон"ни 1, эҳтимол, 3 очкодан маҳрум қилган бўлади.

5

3) 2-четлатиш. Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггиси ўтиб бораётган паллада Рубин Хебай ҳужумдадаги қўполлиги учун огоҳлантирилди. "Андижон" ҳужумчиси ҳакамга эътирозларини баён қилиб, ортига қайтаётган пайтида рефери томонидан 2-бор жазоланди. Одатда ўйинчи кимнидир ҳақорат қилса, шундай жазога дучор бўлади...

6

Аммо албаниялик легионер клуб матбуот хизматига ҳеч қандай ёмон гап ишлатмагани, ўз она тилида гапирганини айтди. Раҳимбек Каримов эса Хебай инглиз тилида унинг нафсониятига "ҳужум" қилгани ва ўйиндан кейин ўз ҳаракати учун узр сўрашга келганини таъкидлаяпти (буни ҳакамлар бригадаси тасдиқлади). Яъни, битта вазият учун 2 томондан 2 хил фикр чиқяпти. Табиийки, улардан бири ёлғон. Ҳолат тез орада ЎФА тартиб-интизом қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилади.

Раҳим

Агар юқоридаги таҳлилимиз тўғри бўлса, ҳакамлар жамоаси ўйин натижасига таъсир қилган бўлади. Бундай хатолар кодекс бўйича жиддий жазоланиши керак. Шу бўйича маълумот олиш мақсадида ЎзФҲМ директори билан боғландик.

"Учрашувдан кейин "Андижон" томонидан битта вазият учун эътироз билдирилди. Водий клуби фақат охирги четлатиш бўйича протест киритди. Шунга қарамай, ЎзФҲМ барча баҳсли вазиятларни ўрганиб, комиссия хулосасини эълон қилади. Агар реферилар хатога йўл қўйгани тасдиқланса, айбдорлар маълум тартибда жазо олади. Қонун барча учун баробар", — дейди Лазиз Қўчқоров.

Лазиз

Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз...

Фахриддин Рўзиев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!