ФР: Черан Отақўзиевдан ўтиб кетди...
Суперлига 5-турининг сўнгги ўйини "Пахтакор" стадионида ўтказилди. Унда "Қизилқум"ни қабул қилган майдон эгалари ғалабани тантана қилишди (3:1). Ушбу учрашувга оид қизиқарли фактларни тақдим қиламиз.
1) "Пахтакор" қаторасига 11-ўйинда ҳам "Қизилқум"дан устун келди. Навоийликлар ўзаро тўқнашувлардаги охирги очкони 2017 йилда олишган эди. Ўшанда Отабек Зокировнинг голи "кончилар"га бир очко келтирган.
2) "Қизилқум" 22 йилдан бери "Пахтакор"ни енголмаяпти. Навоий клубининг ўзаро ўйинлардаги ягона ғалабаси 2001 йилда қўлга киритилган эди.
3) "Пахтакор" ўз майдонида ўтган охирги 5 ўйинда "Қизилқум" дарвозасига 24та гол урди.
4) Драган Черан бугун "Қизилқум" мухлисларини 14-бор хафа қилди. Бу сербиялик футболчининг Ўзбекистон чемпионатидаги шахсий рекорди ҳисобланади. Шунингдек, "шерлар" етакчиси Суперлигадаги 121-тўпини киритганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. У олдинги турда "бомбардир"лар рейтингида Носир Отақўзиевдан ўзиб кетган эди.
5) "Қизилқум" ҳужумчиси Виктор Мбаома бугун Ўзбекистондаги дебют голини урди.
6) Мавсумда илк бор "Пахтакор" дарвозаси томон пенальти белгиланмади. "Шерлар" бундан олдинги 4 ўйинда 5 марта "11" билан жазоланишган эди.
7) Азиз Турғунбоев эса "Пахтакор" либосидаги 10-голини урди. 28 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсум ҳам "Қизилқум" дарвозасини ишғол қилган эди.
Фикрлар