ФР: "Нефтчи" "Бухоро"ни қачон ютган эди?
Суперлиганинг 7-турига старт берилди. Бугун мусобақада карвонбошилик қилаётган клубларнинг ҳар иккиси қоқилди. Дастлаб, "Бунёдкор" Тошкентда "Сурхон"га имкониятни бой берган бўлса, "Нефтчи" Бухородан 1 очко билан қайтяпти.
Турнир жадвалидаги ҳолат ва жамоалар кўрсатаётган ўйин инобатга олинса, иккала натижа ҳам сенсация сифатида баҳоланиши мумкин. Аммо статистика бошқача "гапиряпти", хусусан, 2-ўйин ҳақида.
"Бухоро" Ўзбекистон чемпионати доирасида 53-бор "Нефтчи" билан тўқнашди. Тўғри, ўзаро ўйинлар тарихидаги мутлақ устунлик фарғоналиклар томонида: 34-15 (4 дуранг). Аммо "чўл жангчилари" сўнгги йилларда водий клуби учун энг ноқулай рақибга айланиб бўлган эди.
Факт: "Нефтчи" Суперлига доирасидаги қаторасига 8-ўйинда ҳам бугунги рақибини юта олмади. Қўшимчасига, мазкур учрашувларнинг 6таси фарғоналикларнинг мағлубияти билан тугаган.
Умуман олганда, Фарғона клуби "Бухоро"ни сўнгги бор 2015 йилги мавсумнинг биринчи даврасида ютган эди. Ўшанда Зокир Қодиров бошқарган баҳс тақдирини афсонавий Акмал Холматовнинг ягона голи ҳал қилган.
"Нефтчи"нинг "Бухоро" устидан сафарда қўлга киритилган сўнгги ғалабасини эслайдиган бўлсак, ўтмишга чуқурроқ киришимизга тўғри келади. Бу воқеа 2011 йилги мавсумнинг дастлабки даврасида юз берган бўлиб, Юрий Саркисян жамоаси Бахтиёр Ёқубовнинг ягона голи эвазига зафар қучган эди. Эътиборли жиҳати, бугунги ўйинни асосий таркибда бошлаган Жасур Ҳасанов ўша баҳсда ҳам 90 дақиқа ҳаракатланган эди.
Хуллас, "Нефтчи"нинг чемпионатдаги энг омадсиз серияси "Бухоро"га қарши қайд этилмоқда. Энди Виталий Левченко бу анъанани бузишга 2-даврада такроран ҳаракат қилиб кўради.
Фикрлар