ФР: Қувватовни алдаш қийинми?

Суперлиганинг 10-турида "Бухоро" устидан иродали ғалабага эришган "Пахтакор" мусобақа жадвалидаги карвонбошиликни сақлаб қолди. Аммо бу баҳсда 3 очко олиш "шерлар" учун осон бўлгани йўқ. Ўйиндаги энг асосий эпизод ҳакам томонидан қўшиб берилган 12-дақиқада рўй берди. Аниқроқ айтсак, Санжар Қувватов дарвозаси томон белгиланган пенальтини бартараф қилиб, мезбонлар жонига оро кирди.

photo_2023-05-13_21-57-01

Эътиборли жиҳати, "Пахтакор" посбони бу мавсумда 11 метрли дуэлларда 3 марта ғалаба қозонган биринчи киперга айланди. Шу туфайли 33 ёшли дарвозабон пенальтиларда қандай ҳаракат қилаётганини ўрганиб чиқдик.

Бунинг учун Қувватов дарвозаси томон тепилган охирги 12та пенальтини қайта кўриб чиқишимизга тўғри келди. Ва англашилдики, "Пахтакор" посбони 11 метрли дуэлларда таваккал қилишни ёқтирмайди. У асосан тўп тепилишини кутиб, унинг йўналишига қараб отилади (бошқа ҳамкасбларига нисбатан ихчамроқ жуссаси ва кучли реаксия унга шундай имконият беряпти).

photo_2023-05-09_08-58-24

Эътибор қилинг, Қувватов 12 пенальтидан 10тасида тўп йўналишини топган (таваккалчилик билан бундай натижага эришиб бўлмайди). Натижада, 10та зарбанинг 7тасини қайтарди. Охирги 3 йилда фақатгина Забиҳулло Ўринбоев билан Рубен Санчез ўзаро дуэлда Санжарни алдай олишди.

photo_2019-04-20_10-20-46

Қувватов йўналишини топиб ҳам, қайтара олмаган 3 зарбага эътибор қилсак, уларнинг барчаси даврозанинг қайсидир бурчагига кучли зарб билан тепилгани кўринади. Аслида мана шу "Пахтакор" дарвозабони билан дуэлларни ютишнинг ягона йўлидир.

photo_2023-05-13_23-27-03

Хуллас, 11 метрли нуқтада Санжар Қувватовни алдашга уриниш энг катта хато. У аксар ҳолларда сизни кутади. Агар пенальтидан унумли фойдаланмоқчи бўлсангиз, тўпни дарвозанинг қайсидир бурчагига иложи борича кучлироқ тепишингиз керак. Худди Темурхўжа Абдухолиқов 3-турда қилганидек...

Фахриддин Рўзиев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!