ФР: Спорт директори нега керак?
Чемпионлар лигасини ярим финал остонасида тарк этган "Наполи" қандайдир мўжиза рўй бермаса, А Серия чемпионлигини тантана қилади (36 йиллик танаффусдан кейин).
Натижа ўз йўлига. Неаполликлар қисқа вақт ичида ўйин жиҳатидан ҳам Европадаги энг тажовузкор жамоалардан бирига айланишди. Ва бу прогресс кўпчилик муваффақият келтиришига ишонмаган баъзи таваккал қарорлар натижасида рўй берди.
1) Ҳимоя чизиғининг "юраги" ҳисобланиб, йилига 6 млн евро маош оладиган Кулибали 38 миллионга "Челси"га сотилди. Унинг ўрни 2,5 миллионга ўйнашга рози бўладиган кореялик футболчи билан тўлдирилди. Италияга келганида 14 млн еврога баҳоланган Ким Мин Жайнинг нархи 8 ой ичида 36 миллионга кўтарилди. Айни пайтда қитъадошимиз жамоа воз кечган Калидудан 2 баробарга қимматроқ.
2) "Наполи"нинг майдон марказидаги етакчиси "Пари Сен-Жермен"га 23 млн еврога сотилди (Фабиан Руиз). Тушган маблағ евазига Замбо-Ангисса деган футболчининг трансфер ҳуқуқи харид қилинди. Шундан бери Парижга кўчган Руизнинг қийматида чўкиш кузатиляпти. Унинг ўрнини тўлдирган футболчи аллақачон трансфер бозорида Фабиандан илгарига ўтиб олди.
3) Аллақачон "Наполи" рамзларидан бирига айланиб қолган Лоренцо Инсинье маошининг 5 дан 3,5 миллион еврога туширилишини хоҳламагани учун кетказилди. Унинг ўрни бугун бутун дунёнинг тилидан тушмаётган Хвича Карацхелия билан тўлдирилди. Энг қизиғи, грузиялик футболчи Неаполда 1,5 млн еврога ўйнаяпти.
Бундан ташқари, клуб ойлиги юқорилиги сабаб Дрис Мертенсдек афсона билан хайрлашишга чўчимади. Шундай ақлли юришлар билан маош учун сарфланадиган маблағ 110 миллиондан 73'га туширилди. Ва "Наполи" узоқ кутилган "Скудетто"сига эришиш арафасида турибди.
Ўзбек футболида кўпчилик спорт-директорининг нега кераклигини билмайди. Шундайлар учун эслатиб ўтмоқчимиз, тепада таъкидланган ўзгаришларнинг барчасини Неаполь клубида шундай лавозимни эгаллаб турган Кристиано Жунтоли амалга оширган.
Фикрлар