Футбол оламининг "Титаник"лари ёхуд Европанинг инқироз ёқасида турган клублари
Европа футболида доим паст ва баландликлар кузатилган. Ҳар бир жамоа бу босқични бошидан кечирган. Кимдир жуда "силлиқ" ўтиб кетган бўлса, бошқалари "жарлик"дан тирик қайтмаган. Яъни инқироз ҳаммада ҳар хил кечади.
Ҳозир ҳам ўзининг юқори даражасидан тушиб, яна тепаликка тирмашаётган клублар етарлича топилади. Узоқдан эмас, ўзимизда ҳам бундай клублар йўқ эмас. Яққол мисол сифатида "Нефтчи", "Бунёдкор" ва "Локомотив"ни кўрсатишимиз мумкин. Айни пайт бу жамоалар яна Ўзбекистон етакчилиги учун курашга қайтишни мақсад қилган. Аммо ҳамма кўриб-билиб турибдики, юқорида саналганлар кўпи билан 4-ўринга чиқишини тахмин қилиш мумкин.
Ўзбек футболида мисол тариқасида келтириладиганлари шу жамоалар бўлиши мумкин. Жаҳон футболида эса бу мавзу жуда актуал. Биз ўз ўйини билан бутун дунёни лол қолдирган жамоалар кўп бўлганини яхши биламиз. Ҳозир уларнинг кўпи аввалги даражасида эмас. Ҳозир шу ҳақда гаплашамиз. (Мақола ўта шахсий фикрлар асосида ёзилган)
"Барселона".
Каталония гранди мавсумни Рональд Куман бошчилигида жуда ёмон бошлади. Мухлислар буни Мессининг кетганига йўйди. Аммо вазият ундан-да жиддий бўлиб чиқди. Куман таклиф қилган услуб Мессига ўхшаган юлдуз билан ўхшаши мумкин эди. Мессисиз Куманнинг режалари шунчаки ҳом-хаёл бўлиб қоларди.
Лео тўпни ўзида олиб юриш, "зона" очиш ва шерикларини қулай вазиятга олиб чиқишда беназир эди. У кетгач, бу вазифаларни эплай оладиган футболчи йўқлиги кўриниб қолди. Тўғрида, "ўзга сайёралик" деб қиёсланадиган футболчини бир деганда ўрнини билинтирмаслик осон иш эканми?!
Хўш, ҳозир таркибда Месси йўқ. Усиз жамоа бир мавсумни ўтказиб қўйди. Бир қарашда "кўк-анорранглилар" бу мавсум ёмон кўринмагандек. Чемпионатда 2-ўрин, Европа лигаси ва кубокда тасодифий мағлубият, суперкубокда "Реал" билан мардларча курашиб, мағлуб бўлди. Бироқ клуб ЕЛдаги иштирокидан олдин чемпионлар лигасида 3-ўринни эгаллаб, пастроқ даражада турадиган мусобақага тушиб кетди. Ўйин томонлама каталонияликлар кўп баҳсларда жуда суст ҳаракат қилди. Томошабинлар айнан шу сабаб нидерланд Куманни истеъфога чиқарилишини талаб қилди ва бунга эришди ҳам.
Кейин жамоага Хави келди. Натижалар бироз яхшилангандек кўринди. Мавсум очиғини айтганда бир амаллаб "тугатиб олинди". Бироқ ҳаммаси жуда осон кечмаслигини кўплаб мутахассислар бот-бот такрорламоқда. Молиявий муаммолар, рақибларнинг тобора кучайиб бораётгани ва клуб яхлит тизимдан чиқиб кетаётгани биз учун инқирозли ҳолат, дейишга етарли. Жамоа қачондир аввалги даражасига қайтиб олиши мумкин. Лекин бу яқин орада амалга ошади, деб ўйламайман.
"Манчестер Юнайтед".
Юқоридаги клубдан даража борасида қолишмайдиган "Манчестер Юнайтед" ўтган мавсум бошида чемпионлик учун курашиши тахмин қилинганди. Бош мураббий тезкор, юқори савиядаги ва энг муҳими, Роналду каби "гол машинаси"га эга эди. Сулшернинг АПЛга кўникиб бораётгани ҳам мухлис ва мутахассисларнинг шундай тахмин билдиришига сабаб бўлганди. Аммо жамоага юлдузларнинг кўп экани "оғирлик" қилди. Бирин-кетин қониқарсиз натижалар, кубок ва лига кубогида муваффақиятсиз иштирок, ЕЧЛда камида "саккизлик" қаторида бўлиши тахмин қилинган жамоа якунда нимчорак финалда юришини тугатди. АПЛда Европа лигаси ҳудудида қолиб кетиш тепадаги қониқарсиз натижалар фонида ютуқ бўлиб кўринди, ҳатто.
Жамоа таркибида супер иқтидор дея қараладиган футболчилар негадир ўзини кўрсата олмади. Улар ўзига билдирилган ишончни оқламади, десак янада тўғрироқ бўлади. Рэшфорд, Санчо, Погба, Лингард каби истеъдод соҳиблари ўзидан кутилган ўйинни намойиш эта олмади. Айниқса, Магуайр каби "афсонавий" ҳимоячининг хатолари бутун мавсум "мем" каналлар учун ижод маҳсули бўлиб келди.
Аслида, "бир мавсумлик омадсизлик сабаб гранд клубни инқироз ёқасига киритиб қўйиш қанчалик тўғри?", - дейишингиз мумкин. Бизда бунга ҳам жавоб бор.
"Қизил иблислар" Фергюсон кетганидан сўнг деярли бирор марта чемпионлик учун курашга қайта олмади. Фақат Моуриньо даврида клуб 2-ўринни қўлга киритди. Аммо аслида, ўша пайтда ҳам жамоа чемпионлик учун кураш тақдим эта олмади. Қанчалик оғир бўлмасин, "Юнайтед" охирги йиллар чемпионлар лигаси зонаси учун курашмоқда. Чемпионликка ҳали бери жамоа тайёр бўлмаса керак. Сабаби, янги мураббий қўл остидаги илк мавсумда бу қадар катта ижобий ўзгаришлар кутиш тўғри бўлмайди. Яхши натижалар яхшигина вақт талаб қилиши айни ҳақиқат. Шундай экан, Манчестернинг қизил томони ҳозир тўлиқ бўлмаса-да, қисман инқироз ёқасида турибди.
"Ювентус".
Кўп йиллар давомида Италия байроқдори бўлиб келган Турин клуби охирги йилларда чемпионлик учун курашдан "суриб чиқарилди". Миланнинг икки жамоаси "зебра"лардан гегемонликни бирин-кетин тортиб олди. Тўғри, "Юве" ҳали батамом курашдан чиқмади. Аммо озми-кўпми барибир аввалги даражасини йўқотди. Олдинлари Италия А Серияси деганда ҳаёлга фақат "Ювентус" келарди.
Кетма-кет чемпионлик, Италиянинг энг яхши ўйинчиларига эгалик қилувчи бу жамоа 2 йил олдин кичик инқироз ёқасига кириб қолди. Дастлаб А Серия ғолиблиги, кейин чемпионатда учликдан тушиб қолди. Ҳозир Аллегри бошчилигида "кекса сеньора" яна "тахт"га қайтишни мақсад қилган. Трансферлар бозорида ҳам жамоа шунга яраша анча фаол. Погба, ди Мария каби юлдузлар текинга таркибга қўшиб олинди. Уларнинг тажрибаси, иқтидори ва албатта, юқори даражаси туринликларга бу мавсум катта фойда келтириши мумкин.
Бироқ умумий олиб қараганда, Аллегри жамоасининг ўртача ёши анча юқори экани ҳаммага маълум. Ҳимоя чизиғи Кьеллини ва Бонуччидан сўнг яхши ўринбосарга муҳтож. Устига-устак, келажаки порлоқ деб қаралган де Лигтнинг "Бавария" футболчисига айланиши вазиятни янада қийинлаштиради. Ярим ҳимояда ҳам ҳолат жуда зўр эмас. Ҳар ҳолда, ўз вақтида икки марталаб ЕЧЛ финалига чиқиб юрган клуб учун бу даражадаги футболчилар мос эмас. Бор умид Кьеза ҳамда Влахович дуэтидан экани ҳеч кимга сир эмас. Ди Мария узоғи 2 йил яхши формада ўйнаб бериши мумкин. Погба "кайфият ўйинчиси". Гоҳида жуда зўр ўйнаб юборади, гоҳида ўзидан кутилган натижани кўрсата олмайди. Айтганча, Дибаланинг кетиши ҳам "оқ-қоралар" даражасига оз бўлса-да, таъсир ўтказади.
"Атлетико".
Анчадан бери Испаниядаги икки гигант учун яхшигина "бошоғриқ" бўлиб келаётган "Атлетико" сўнгги 2 йилда кучдан қолгандек кўринмоқда. Ўтган мавсум жамоа бир амаллаб, 3-ўринни қўлга киритди. Чемпионлар лигасида чорак финалга қадар етиб борди. Бу ёмон натижа эмасдек кўринса-да, аслида, мадридликлар янгиланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Ҳам ўйин томонлама, ҳам иқтисодий томонлама клуб янги даражага чиқаётганини кўпчилик сезиб турибди.
Энди "матрасчилар" аввалгидек топ клубларга қаршилик кўрсатадиган "чақилмас ёнғоқ" эмас. Ҳозир "Атлетико" гранд жамоалардан бири, ҳар қандай жамоа учун кучли рақиб.
Бироқ айнан шу омил сабаб бир қанча муаммолар кузатилмоқда. Биз билган Диего Симеоне "бандаси" доим рақибнинг камчиликларидан фойдаланиб, асосан, прагматик футбол эвазига натижага эришарди. Аммо энди катта клуб ўз устунлиги ҳисобига ғалаба қозонишни ҳам билиши керак.
Охирги мавсумда "қизил-оқлар" ўз услубига тўғри келмайдиган тарзда кўп ўйинларда ҳужумкор ўйин намойиш этди ва муҳим очколарни бой берди. Аргентиналик мутахассис фақат муҳим ўйинлардагина ҳимоявий футболга мурожаат қилди. Услубан ва молиявий ўзгаришлар жамоаларда осон кечмайди. Бу худди гўзаллик учун курашаётган одамга ўхшайди. Гўзаллик эса албатта, қандайдир қурбонлик талаб қилади.
Очиғи, бундай ҳайбатли жамоаларнинг ҳеч бирини тўлиқ инқирозда, деб айта олмаймиз. Ҳозир улар шунчаки ўз даражасида эмас. "Титаник"нинг мақолада қўлланилиши бу клубларнинг қисмати шу ҳалокат каби бўлмаслигини истаганимиз учун. Ливерпулдан йўлга чиққан кемада айсбергга тўқнаш келиши олдидан етарли огоҳлантириш бўлмаган. Аммо юқоридаги тўртликда бундай имкон бор. Уларнинг келажаги ўз қўлида. Муҳими, тўри қарор чиқаришда хатога йўл қўймаслик.
Шоҳрух Зоиров мақоласи.
Фикрлар