ЎзПФЛ ҳамда УзРепорт Про лига учрашувларини трансляция қилиш масаласида ўзаро келишувга эришганидан хабарингиз бор. 30 август санасидан бошлаб шу келишув асосида футбол учрашувлари тест режимида эфирга олиб чиқила бошланади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.

Пандемия сабаб, Про лигада 3-турдан кейин танаффус эълон қилинган эди. Бугун — 30 август куни Самарқандда 3-турнинг қолдирилган битта учрашуви ташкил этилади. “Динамо” футболчилари “Хоразм” клубини қабул қилади.  

17:00 га тайин қилинган учрашувни ёритиш учун Футбол-ТВ ходимларидан иборат гуруҳ йўлга чиққан. Асосан еврофутбол учрашувларини халқимизга намойиш этиб келаётган телеканал, энди ички чемпионатга ҳам эътибор қаратмоқда. Бу йўлда телеканал яқиндагина янги кўчма телевизион станция харид қилганди. Футбол бўйича унинг илк сафари Самарқандга бўлади. 

"Футбол-ТВ стадионлардан илк марта эфирга чиқаётганидан келиб чиқиб, иш тест режимида олиб борилади. Бунда мавжуд камчилик ва бошқа техник масалалар ўрганиб борилади. Бу синовлар муваффақиятли ўтса, кейинги учрашувларни қай тариқа эфирга олиб чиқиш масаласида якдил тасаввур пайдо бўлади. 

Умид қиламизки, футбол мухлисларимиз бошланажак ишни кузатиб боради ва ундаги айрим масалаларга бағрикенглик билан муносабатда бўлишади. Ҳозирги шароитда Про лига учрашувларининг ҳам мунтазам жонли эфирларга эга бўлиши бизнингча катта ютуқдир", - дейилади хабарда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)