Футболчи бошига тўп тегиб ҳалок бўлди
Клуб расман таъзия билдирди
Аргентинада ёш футболчи майдонда олган жароҳати оқибатида вафот этди. Бу ҳақда "Эсейса" клуби матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, "Эсейса" ёшлар жамоаси аъзоси, 18 ёшли Абель Нуньес АFA Youth C ёшлар мусобақасининг бешинчи дивизиони доирасидаги ўйин пайтида бошига тўп тегиб, оғир жароҳат олган. Ўйин "Эсейса" ва "Депортиво Муньес" жамоалари ўртасида бўлиб ўтган.
TyC Sports портали ёзишича, ҳодиса содир бўлган заҳоти майдондаёқ футболчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Кейинчалик у шошилинч равишда шифохонага етказилган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
"Нуньеснинг вафоти муносабати билан чуқур қайғудамиз. У жамоамиз шарафини фахр билан ҳимоя қилаётган пайтда оғир жароҳат олди.
Жамоадошимиз билан хайрлашиш биз учун жуда оғир. У орзу-умидларга тўла, интилишли йигит эди ва клубимиз оиласининг муҳим қисми бўлган.
"Эсейса" клуби марҳумнинг оиласи, дўстлари, жамоадошлари ва барча яқинларига чин дилдан ҳамдардлик билдиради ҳамда бу жуда оғир дамларда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилади. Оромингиз абадий бўлсин. Сиз доимо бизнинг оиламиз бир қисми бўлиб қоласиз", – дейилади клуб баёнотида.
Изоҳлар (0)