"Футболчи сифатида ўсишим учун бу клубни танладим". Энди Гонконг чемпионатида ҳам легионеримиз бор
Хабарингиз бўлса керак, ҳамюртимиз Шерзод Темировга Гонконгнинг етакчи клубларидан бири – “Китчи” жиддий қизиқиб қолганди ва томонлар аллақачон музокараларни ижобий ҳал қилгандилар. Бироқ футболчимизнинг янги жамоасига расман қўшилиши чўзилаётганди.
Ниҳоят, Темиров тўлақонли равишда “Китчи” клубининг аъзосига айланди. Шерзод Гонконг чемпионатига кўчиб ўтганидан кейин ўзининг илк интервьюсини Sports.uz сайтига берди.
- Шерзодбек, адашмасам сизни Гонконгнинг "Китчи" клубига ўтганингиз расман аниқ бўлди. Аслида ёзда бу иш амалга ошиши керак эди. Нега чўзилиб кетди?
- Ассалому алайкум! Интервьюга таклиф қилганингиз учун раҳмат. Худога шукр, яна легионерлик насиб қилди. Тўғри, бу трансфер ёзда бўлиши керак эди. Лекин виза муаммолари сабабли бироз кутишга мажбур бўлдим. Ҳозир ҳаммаси жойида ва жамоам биланман.
- Гонконгга қачон етиб боргансиз, у ерда сизни қандай қарши олишди?
- Гонконгга келганимга анча бўлди. Бу ерда мени клуб вакиллари яхши кайфиятда кутиб олишди. Бундан жуда ҳам мамнунман. Бунинг учун жамоамдагиларга раҳмат айтаман.
- Янглишмаётган бўлсам, Гонконг чемпионатида ўйнайдиган илк ўзбек футболчисига айландингиз. Янги мамлакат ва янги менталитет. У ерга мослашишда қандай қийинчиликларни кўряпсиз?
- Тўғри, бу ерда биринчи ўзбек футболчисиман. Янги мамлакат, бошқа муҳит ва янги жамоа...Мослашиш жараёни анча яхши, Худога шукр. Жамоадошларим ҳам менга ёрдам беришяпти. Тўғри, янги мамлакатда ҳамма нарсаларда фарқ қилади. Қийинчилик бўладими-йўқми, барчасидан меҳнат ва сабр билан ўтилади. Қийинчиликсиз янги марраларга эришиб бўлмайди. Агар қийинчилик билан ҳамма нарсага эришилса, унинг давомийлиги ҳам узоқ бўлади. Худога шукрки, менда ҳаммаси яхши.
- "Китчи" клубида қайси рақамни танладингиз ва нима учун?
- Клубда 27-рақамни танладим. Бу ерда, янги жамоам сафида 27 октябрь куни таваллуд айёмимни нишонладим. Бу эсда қоладиган лаҳзалар эди. Бунинг учун жамоадошларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шунинг учун ҳам мен янги жамоада 27-рақамни танладим.
- Янги клубингиз Осиё Чемпионлар лигасида ҳам иштирок қилмоқда. У ерда ҳам дебютингизни ўтказишингиз мумкинми?
- Ҳа, албатта. Худо хоҳласа, ОЧЛда ҳам деютимни ўтказаман.
- Гонконг чемпионати ўйинларида-чи? Қачон кўрамиз?
- Насиб қилса, яқин кунларда. Буни ўзим ҳам интилик билан кутяпман. Бунинг учун қаттиқ меҳнат қиляпман.
- Эрондан кетганингиздан кейин сизга бошқа таклифлар ҳам бор эди. Нима учун айнан Гонконгни танладингиз?
- Агентим билан маслаҳат қилиб, футболчи сифатида ўсишим учун ҳам бу клубни танладим. Ҳозир ҳам бошқа вариантлар бор. Лекин танлов қилиб бўлганман. Ҳозир барча эътиборимни янги жамоамга қаратганман.
- Бу клубда туркманистонлик Руслан Мингазов ҳам бор. У билан гаплашдингизми? Мослашишингизга кўпроқ кимлар ёрдам беряпти?
- Бу ерда тажрибали футболчилар кўп. Улар яқиндан ёрдам беришяпти. Тўғри, туркманистонлик Руслан Мингазов ҳам шу ерда. Кўпроқ у билан гаплашаман. Табиийки, у ҳам менга яқиндан кўмаклашмоқда. Худо хоҳласа, ўзбекистонлик футбол мухлисларини қўлимиздан келганича чиройли ўйинлар ва голлар билан хурсанд қиламиз. Улар бизни қўллаб, дуо қилиб туришса шуни ўзи етади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар