Футболчига мушт туширган мураббий ишдан ҳайдалди

"Фламенго" ўйиндан кейин кийиниш хонасида футболчи билан жанжаллашгани учун бош мураббий Хорхе Сампаолининг ёрдамчисини ишдан бўшатди.

Ҳодиса шанба куни Бразилия чемпионатининг 17-турида “Атлетико Минейро”га қарши ўйиндан сўнг юз берди ва унда “Фламенго” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиндан сўнг “Фламенго”нинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи Пабло Фернандес жамоа ҳужумчиси Педрони ҳурматсизликда айблаган. Ўз навбатида футболчи ҳам мураббийлар штабини ҳурматсизликда айблаб, ўйин вақти камлигини баҳона қилган.

Фернандес Педронинг елкасига шапатиламоқчи бўлди, бироқ футболчи унинг қўлидан ушлаб олди, шундан сўнг мураббий унинг юзига зарба берди.

Хабар қилинишича, Педро воқеа ҳақида полицияга хабар берган. "Фламенго" футболчилари Фернандес клубдан четлаштирилгунга қадар машғулотларни бойкот қилиш масаласини ҳам кўриб чиқишган.

ESPN хабарига кўра, "Фламенго" раҳбарияти Пабло Фернандесни истеъфога чиқарди. Тез орада бу ҳақда расмий эълон қилиниши кутилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!