"Футболчиларимизга скаутлар қизиққанлигига шубҳа йўқ, максимум ҳаракат қилдик" - U17 терма жамоамиз устози Жамолиддин Раҳматуллаев мундиал ҳақида
Ўзбекистон U17 терма жамоамиз Индонезиядаги жаҳон чемпионатида чорак финалга етиб келгани муҳим воқелик. Чунки мундиалда 0:3 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаган вакилларимиз кейинчалик ўз кучларини намойиш қилиб, гуруҳдан чиқишди ва чорак финалга қадар етиб келдилар. Унда эса Францияга ягона гол эвазига мағлуб бўлдик. Терма жамоамиз учун мусобақа якунига етгач, бош мураббий Жамолиддин Раҳматуллаев билан суҳбатлашдик.
- Терма жамоамиз мундиалда чорак финалгача етиб боргани сизни хурсанд қиладими? Яъни, вазифа бажарилди, деб ҳисоблайсизми?
- Саволга келадиган бўлсак, бир томондан хурсанд қилади, иккинчи тарафдан бироз дилни хира қиладиган ҳолатлар бор. Хурсанд қиладигани шуки, жаҳон чемпионатида кучли саккизталикка киришимиз ўйлайманки, ёмон натижа эмас. Лекин иккинчи тарафдан айтишим мумкинки, биз янада узоқроққа боришимиз мумкин эди. Ўйинларимизни кузатганингизда менимча ўзингиз ҳам гувоҳи бўлдингиз. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, нимаики бўлса ҳаммаси яхшиликка. Бу мураббийлар ва футболчилар учун кейинги фаолиятимизда янада кўпроқ меҳнат қилишимиз, изланишимиз учун катта омил бўлади. Мусобақадан тўймаган ҳолда, янада кўпроғига муносиб эдик, деган нарса билан тарк этиш албатта кейинги ишларимизда қўшимча мотивация беради. Вазифа бажарилдими, деганда раҳбарият томонидан бирор-бир катта мақсад қўйилмаганди. Қисқа қилиб айтганда, гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилганди. Ўйлайманки, биз ундан кўра узоқроққача бордик.
- Францияга қарши баҳсда сиз дисквалификация сабабидан трибунада ўтирдингиз. Ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Мураббийлар штабида эмаслигингиз футболчиларга бироз бўлса-да таъсир қилди, деб ўйлайсизми?
- Жуда қийин ҳолатга тушиб қолдим. Чунки сизни жамоангиз энг муҳим ўйинлардан бирини ўйнамоқда ва сиз учрашувни захира ўриндиғида эмас, юқорида худди мухлисдек кузатиш жуда оғир бўлди. Аммо мураббийлар штабидаги барча максимум қўлидан келган ҳаракатни қилишди. Хатоимдан тўғри хулоса чиқариб олдим, албатта. Йигитлар билан учрашувдан аввал жуда кўп гаплашдик. Футболчилар ярим финалда мени майдонда бевосита жамоани бошқаришим учун ҳамма ҳаракатни қилишди. Бироқ насиб қилмади. Ҳаммаси Худодан.
- Терма жамоамиз мундиални Малига қарши 3:0 ҳисобида мағлубият билан бошлагани албатта ёқимсиз эди. Аммо шундан кейин жамоамиз иродасини ва характерини кўрсатди. Бундай омадсиз дебютдан кейин жамоани қандай қилиб тиклай олдингиз?
- Тўғри, таъкидлаб ўтдингиз, йирик мағлубиятдан сўнг қийин вазиятга тушиб қолгандик. Лекин ҳали олдимизда иккита ўйинимиз бор эди, ҳаммаси ўз қўлимизда турганди, чорасиз ҳолатга тушмадик. Тан олишимиз керак, биринчи ўйиндаги мағлубиятдан кейин бироз танқидлар бўлган бўлиши аниқ. 17 ёшдаги футболчиларга биламизки, битта гап кўп, яримта гап кам бўлади. Бу танқидлар уларга психологик таъсир қилиши мумкин эди. Бунақа пайтларда албатта уларни қўллаб-қувватлаш керак ва шундай бўлди ҳам. Халқимиздан далда бўлиб турди, бизга етказишди. Раҳбарият томонидан ҳам ҳеч қиси йўқ, дея ҳаммаси ўз қўлимизда деб бизни қўллаб-қувватлашди. Максимум ҳаракат қилдик. Йигитларни телефонлардан фойдаланмасликка, турли хил негатив сўзларни ўқимасликка ундадик, олдимизда турган иккита ўйин ўта муҳимлиги, вақтимиз йўқлиги, хафа бўлишга ёки тушкунликка тушишга, айбдорни қидиришимизга вақтимиз йўқ эди. Биз вазиятдан чиқиб кетиш учун чора топишимиз керак эди. Йигитларга катта раҳмат. Ўзларини қўлга олишди, ўйиндан-ўйинга кучайиб боришди. Қийин вазиятни тўғрилашганлиги учун мураббийлар штаби, футболчилар ва барчага раҳмат айтаман. Боя айтганимдек, биз янада узоқроққа боришимиз мумкин эди.
- Қайси учрашув терма жамоамиз учун оғир кечди?
- Бирорта ўйин енгил ўтмади. Бу жаҳон чемпионати. Енгил ўйинларни кутишни ўзи нотўғри. Ўзингиз айтганингиздек, Мали билан жуда қийин учрашув бўлди. Бунақанги психологиядан кейин бурилиш нуқтаси Канада билан ўйинда бўлиши керак эди. Албатта, ҳисоб 3:0 бўлган бўлса ҳам рақиб кучли эди. Жисмоний, индивидуал, тактик, умуман ҳар томонлама яхши жамоа эди. Футболчиларимиз ўзларида куч топа олишди. Испания билан 2:0 ҳисобида орқада қолаётганда бизга катта куч ва характер керак бўлди. Футбол ватани Англия билан йигитларимиз яхши ҳаракат қилишган бўлса ҳам бу финалдек эди. Ютқазган жамоа мусобақани тарк этарди, буни иккала жамоа яхши билиб турганди ва катта куч билан ҳаракат қилишди. Францияга қарши афсуски гол ўтказиб юбордик. Ҳисобни тенглаштириш учун жисмоний томондан қийналиб қолганимизга қарамай, ўзимизда куч топа олдик ва рақиб дарвозаси олдида хавфли ҳужумлар уюштирдик. Бу ҳам уларни характеридан, қўшимча куч топа олганларидан далолат беради.
- Мундиалда кўплаб скаутлар кузатишади. Айтинг-чи, терма жамоамиздан қайси футболчиларга хорижликлар қизиқиб қолдилар?
- Жаҳон чемпионати катта мусобақа. Бу мундиални дунёни энг кучли скаутлари кузатиб боришади, бунга шак-шубҳа йўқ. Терма жамоамиз футболчиларига ҳам скаутлар қизиққанлигига шубҳа йўқ. Аммо биз мусобақа жараёнида бу нарсани футболчиларнинг мувозанати йўқолмаслиги учун уларни фақат ўйин ҳақида ўйлашларига максимум ҳаракат қилдик. Лекин қайси агент қайси ўйинчимизга қизиққанлиги хусусида менда ҳеч қанақа маълумот йўқ. Аммо ишончим комил, балки энди бундай қизиқишлар бўлиши табиий. Буни албатта вақт кўрсатади.
- Энди мундиалдан кейинги режаларингиз қандай?
- Биламизки, бу ёш тоифасида энди катта мусобақалар йўқ. Режаларни раҳбарият билади. Шуни биламанки, терма жамоада ўзини кўрсатган футболчилар ўзидан катта бўлган U18, U19, балки U23 жамоаларидан чақирув олишлари мумкин. Соғ-омон уйга қайтиб олганимиздан кейин раҳбарият билан гаплашиб оламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар