Футболчимизни “Барса”га бермаймиз!
“Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Флик келаси ёзда жамоа таркибида айрим ўзгаришларни амалга оширишни мўлжаллаб қўйган. Хусусан, германиялик мутахассис ҳимоя чизиғини ислоҳ қилмоқчи.
Клуб селекционерлари марказий ҳимоячи позициясига “Спортинг”да ишончли ўйин намойиш қилиб келаётган Гонсалу Инасиуни таклиф қилмоқчи.
Испаниянинг нуфузли нашрларидан Sport сайтининг маълум қилишича, Португалия клуби хўжайинлари Инасиуни “Барселона”га бермоқчи эмас. Каталонияликларнинг трансферга бўлган интилишини тўсиш учун лиссабонликлар ўз тарбияланувчисига янги шартнома таклиф қилади.
Беш йилдан бери асосий таркибда ўйнаб келаётган Гонсалу Инасиунинг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача тузилган. Янги битим 2030 йилнинг ярмигача мўлжалланган бўлади. Ўйинчининг маоши сезиларли даражада оширилади.



Фикрлар