Футзал бўйича Осиё кубоги 2-тур ўйинлардан сўнг гуруҳлардаги вазият қандай?
Индонезия мезбонлигида ўтаётган футзал бўйича Осиё кубоги ўзининг қизиқарли палласига етиб келмоқда. 29 ва 30 январь кунлари 4та гуруҳда ҳам бир-биридан қизиқарли 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди.
"А" гуруҳининг ушбу турдаги илк ўйинида Жанубий Корея терма жамоаси Ироқга қарши паркетга чиқди. Жанговар тарзда ўтган учрашувда, кореяликлар 3:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Иккинчи ўйинда эса мезбон Индонезия Қирғиз Республикаси терма жамоаси билан куч синашди. Тенг курашлар остида ўтган беллашувда мезбонлар 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, плей-офф масаласини ҳал қилди. Тур якунларига кўра, Индонезия ва Ироқ 100 фоизлик натижа қайд этган ҳолда, чорак финалга йўл олди.
"Б" гуруҳининг 2-туридан ўрин олган биринчи учрашувда Вьетнам ҳамда Ливан терма жамоалари ўйин ўтказди. Беллашувда Вьетнам 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, 3 очкони қўлга киритди. Гуруҳнинг иккинчи баҳси эса Таиланд терма жамоаси Қувайтга қарши паркетга чиқди. Мусобақанинг амалдаги вице-чемпионлари ўйинда тўлиқ устунлик қилиб, йирик 6:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Ушбу гуруҳда ҳам икки жамоа 100 фоизлик натижа қайд этиб турибди. Сўнгги тур учрашувида гуруҳ етакчисининг номи маълум бўлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўрин олган "С" гуруҳида вазият бироз бошқача. 2-тур баҳсларини Ўзбекистон ва Австралия терма жомоалар ўртасидаги учрашуви очиб берди. Дастлаб ўз дарвозасидан 2та гол ўтказиб юборган вакилларимиз тезда ўзига келишга улгурди ва биринчи бўлимнинг ўзида хисобни тенглаштиришга еришди. Якунда эса ҳамюртларимиз 4:2 ҳисобида рақибдан устун келди ва 3 очко эгасига айланди. Эндиликда "оқ бўрилар" сўнгги турда Японияни мағлуб этиши ёку дуранг натижа қайд этиши талаб этилади. Иккинчи баҳсда эса Япония терма жамоаси Тожикистонга қарши паркетга чиқди. Қизиқарли ўтган ўйинда самурайлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини нақд қилди.
"Д" гуруҳининг иккинчи туридан ўрин олган учрашувлардан сўнг иккита терма жамоа рақибларидан устун келиб,плей-офф масаласини ҳал қилди. Аввалига Осиё кубогининг амалдаги чемпиони Эрон терма жамоаси Саудия Арабистони билан баҳс олиб борди. Учрашувда саудияликлар 2:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ғалабадан сўнг форслар очколар сонини 6тага етказиб олди. Иккинчи ўйинда эса Малайзия терма жамоаси Афғонистонга қарши паркетга чиқиб, афғонистонликлар ракибни 7:0 ҳисобида тор-мор этиб, гуруҳ етакчилигини қўлга олди. Сўнгги турда Эрон ҳамда Афғонистон гуруҳ биринчилиги учун беллашади.
Осиё кубогининг 3-тур ўйинлари 31 январь ва 1 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Фикрлар