Ғалаба, дуранг ва мағлубияти бештадан бўлган "Навбаҳор"нинг ишлари бешми? Жамоа етакчиси ҳали ҳеч нима йўқотилмаганига ишонмоқда

“Навбаҳор” жамоасининг “Мавсум-2020”даги иштироки ҳеч бир наманганлик мухлисни қониқтираётгани йўқ. Ҳар йили бўлгани каби, бу йил ҳам клубнинг олдига совринли ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилган. Лекин жамоа охирги марта биринчи давранинг 9-турида ғалаба қозонганига нима дейсиз? Шундан бери “Навбаҳор” ўтказилган 6 та ўйиннинг 3 тасида дуранг ва яна 3 тасида мағлубиятга учради. “Машъал”, “Қўқон-1912” ва “Локомотив” каби рақибларига биргина гол эвазига ютқазди. Оқибатда клуб 20 очко билан 7-ўринга тушиб кетди. Чиндан ҳам хавотир олишга арзийдиган ҳолат, шундай эмасми?

Бу ҳам етмаганидек, бош мураббий Андрей Канчельскис даъволанаётгани сабабли жамоа билан бирга бўла олмади. “Навбаҳор”нинг ўйинида эса олдинги шижоатни кўряпмиз деб айта олмаймиз. Акс ҳолда шунча ўйиндан бери рақибларига очколарни улашиб келармиди? Клубдаги мавжуд вазият хусусида етакчилардан бирининг фикрлари биз учун муҳим эди. Шу боис Ислом Исоқжонов “Навбаҳор”нинг бугунги ҳолати ҳақида муносабатини билдиришга рози бўлди.

“Андижон”ни аутсайдер демаган бўлардим”

Навбатдаги турда водий дербиси номи остида “Навбаҳор” ҳамда “Андижон” жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтади. Бугунги кунда андижонликлар ҳали бирорта ғалаба қозона олмаган ҳолда ушбу дербига етиб келдилар. Қизиқ, бу сафарги водий дербисининг олдингиларига нисбатан мавқеи қай даражада бўларкин? Бунинг устига “Навбаҳор” ўйинчиларига бўлажак рақибининг турнир жадвалида охирги ўриндалиги ва ғалабасиз келаётгани қанчалик таъсир кўрсатиши мумкин?

- “Андижон”га қарши учрашувлар доимо қийин кечган, - деб гапини бошлади, Исоқжонов. - Менимча, ушбу ўйинда андижонликларни аутсайдер демаган бўлардим. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай дербилар ўта муросасиз ва оғир ўтади. Навбатдаги водий дербиси эса ҳар қачонгидан ҳам қийин кечади деб ўйлайман. Негаки, “Андижон” жамоасини орқага йўли йўқ. Бундан ташқари, Суперлигадаги барча беллашувлар жиддий баҳсларга бой тарзда кечмоқда. Ҳеч бир жамоа осонликча ғалабага эриша олмаяпти.

исоқжонов

Исоқжоновнинг икки марта қизил карточка олгани тасодифми ёки...

Биринчи даврада ушбу футболчи икки марта қизил карточка олиб майдонни жамоадошларидан эртароқ тарк этишга мажбур бўлганди. Одатда, унинг бошқа клублардаги фаолиятида бундай ҳолатга тушиб қолганини эслай олмаймиз. Бироқ “Навбаҳор”га келиб биринчи давранинг ўзида икки марта майдондан четлатилиши – бу тасодифми ёки футболчининг ўзи шунга лойиқмиди?

- Тўғриси, тасодиф деб ўйлайман. Чунки шу пайтгача ҳали бирор марта қизил карточка олмагандим. Лекин майдонда ҳамма нарса бўлиши мумкин, - деди футболчи.

“Инкор этмайман, ўйинимизда пасайиш бор”

Юқорида айтиб ўтдик, “Навбаҳор”нинг олдига совринли ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилган. Бироқ кетма-кет очко йўқотишлардан кейин ҳам клуб ўз мақсадига эриша оладими? Ёки энди асосий вазифа кун тартибидан олиб ташландими?

- Албатта, жамоамизда мақсад битта: совринли ўринлар учун курашиб, мухлислар кутган Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш. Ҳали ҳеч нима йўқотмадик. Тўғри, ўйинимизда пасайиш борлигинии инкор этмайман. Бунинг учун мухлислардан узр сўраймиз. Лекин ҳали ҳаммаси олдинда деган бўлардим. Қолаверса, Кубок баҳслари ҳам борлигини унутмайлик. Ишқибозларимизни ҳали албатта хурсанд қила оламмиз. Ишонаманки, биз албатта олдимизга қўйилган вазифани бажариб, мухлис ва мураббийларимизнинг ишончини қозонамиз.

“Канчельскис даволаниб қайтди”

Бош мураббийнинг ўрни барибир бошқача. Балки футболчиларга Канчельскиснинг йўқлиги ҳам таъсир кўрсатгандир? Унинг ёрдамчиси Нўъмон Ҳасанов ҳам ўзига яраша тажрибага эга. Лекин кўпчилик бош мураббийнинг йўқлиги клубга таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирмоқда...

- Тўғри, Андрей Канчельскис даволаниб қайтди ва Нўъмон Ҳасанов билан биргаликда ишлашмоқда, - дея мавзуни давом эттирди, Исоқжонов. - Биз барчамиз бир мақсад учун меҳнат қиляпмиз. Айни пайтдаги бор эътиборимиз ушбу вазиятдан чиқиб кетишга қаратилган. Бунинг учун бизга биргина ғалаба керак. Ишонаманки, ҳаммаси яхши бўлади. Қолган учрашувларда йўқотилган муҳим очколарнинг ўрнини тўлдиришимиз жуда муҳим.

исоқжонов2

“Ишқибозларимиз олдида айбдормиз”

Шунингдек, ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларида Нўъмон Ҳасанов футболчиларнинг ўйинига тушунмаётганини, кўрсатмаларни яхши бажара олишмаётгани ҳақида ҳам гапиряпти. Ёки салбий натижалар ички муҳитга жиддий таъсир кўрсатяптими?

- Ички муҳит яхши. Бундай муаммолар йўқ. Тўғри, жамоанинг ўйинида пасайиш бор. Лекин ҳали барчаси олдинда. Қолган учрашувларда ғалаба қозониб, бундай гап-сўзларга чек қўймоқчимиз. Тушунамиз, ишқибозларимиз олдида айбдормиз. Аммо боя айтганимдек, уларнинг ишончини оқлаймиз, яна қайтараман, ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ.

“Ғалаба бўлмаса кайфият ҳам шунга яраша бўлади”

Охирги бор 9-турда “Қизилқум”ни мағлуб этган “Навбаҳор”нинг ғалабасиз серияси туфайли бу ҳол футболчиларнинг кайфиятига ҳам таъсир қилаётган бўлса ажаб эмас. Жамоа худди жарликка тушиб қолгандек...

- Албатта, ғалаба қозона олмасангиз кайфият ҳам ёмон ҳолатда бўлади. Аммо тўхтаб қолишга ҳаққимиз йўқ. Бундан буён тўғри хулоса чиқариб, кайфиятни кўтарган ҳолда олдинга интилишимиз ва бўлажак учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилмоқчимиз, - деди Исоқжонов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!