Гарвард университетини рад этган футболчи ҳикояси
2018 йил 22 ноябрь. «Лидс» клуби машғулот базаси. Яқиндагина «Мидслбро»дан ёзда сотиб олинган Патрик Бэмфорд 12 ҳафта деганда илк бор тўп билан муносабатда бўлди. У сафдан чиққан бўлса-да, тўпга зарба йўллашни унутиб қўймаган эди. Жамоадоши томонидан узатилган тўпга тўхтатмай дарвозага йўллади ва «товуслар» устозини ҳайратда қолдирди. Шогирдининг техникасидан завқланган Марсело Бьелса уни табриклашга ошиқди…
Бэмфорд босиб ўтган узоқ йўл «Ноттингем» клубидан бошланди. Қаҳрамонимиз ушбу клуб сафига 8 ёшида келиб қўшилди. У футбол билан биргаликда, шахсий мактабда ўқишни бошлади. Атрофдагилар бундан сира ажабланмади. Сабаби, унинг яқин қариндоши – Жозеф Сирил Бэмфорд JBС компанияси эгаси эди.
«Мен эришга ютуқларнинг барчасини JBC билан боғлиқ, деб ўйлашади. Аслида бу бўлмаган гап. Дадам ўз бизнесини йўлга қўйишдан аввал, узоқ вақт архитектор бўлиб меҳнат қилган. Онам гўзаллик салонида ишлаган.»
Бэмфордни ота-онаси яхши тарбия қилиш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширади. Футбол билан шуғулланишдан ташқари, Патрик бир нечта мусиқа асбобларида куй чалишни ўзлаштиради. Шунингдек, немис, испан, француз тилларида сўзлашишни ўрганди. Бундай ютуқларга эришишида футболнинг тутган ўрни беқиёс. Сабаби, Бэмфордлар уй вазифалари ўз вақтида қилинмаса, бўлажак футболчини машғулотга жўнатмас эди.
Қаҳрамонимиз 16 ёшга тўлганида, имтиҳонларни аъло даражада топширди ва Американинг Гарвард университетидан таклиф олди. Боз устига, океан ортида унга яхшигина стипендия ҳам берилиши маълум бўлди. Ажойиб имконият туғилганига қарамай, Патрик футболни биринчи планга олиб чиқди.
Барчаси яхши бошланди. «Ноттингем» сафидаги иккита ўйиндан сўнг, уни «Челси» ўз сафига қўшиб олди. Ўша даврларда Лондон клуби ўз ёш футболчиларини ижара асосида турли жамоаларга юборишни йўлга қўйган эди. Бэмфордни «МК Донс»га йўл олгани ҳайрон қолдирмади. Икки йил давомида 3-лигада ҳаракат қилган ҳужумчи ўзини йўқотиб қўймади. Кейин «Чемпионшип» аъзолари сафида тўп сурди. Аввалига «Дерби», кўп ўтмай «Мидслбро».
Футболчи ижаралар серияси чўзилиб кетганини сезди ва 2014/15 йилда «бомба» мавсум ўтказди. Йил якунида уни «Чемпионшип»нинг энг яхши футболчиси, деб эълон қилишди. Барча Патрикни «аристократлар» ортга қайтаришини тахмин қилган эди, аммо яна ижара! Бу сафар АПЛда тўп сурувчи «Кристал Пэлас» Бэмфордни бир мавсумга қабул қилди. Кейин «Норвич», «Бернли» ва яна «Мидлсбро». Сўнгги 4 йил ичида атиги бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилган ҳужумчи тушкунликка тушиб қолди. Ҳатто, бутсаларини михга илиб юбормоқчи ҳам бўлди. Патрик қуйи дивизионларда яхши тўп сурувчи ўртамиёна футболчига айланиб қолди…
Ҳозир у Англия чемпионатидаги энг кучли марказий ҳужумчилардан бири. Патрикнинг ўйин услубини Руд Ван Нистелройникига ўхшаб кетади. Футболчи «Лидс»га ўтганида, кўпчилик унинг имкониятларига паст баҳо берди.
«Ёдимда бор, жамоага энди келган пайтларим мухлислар захира ўриндиғида қолишимни исташар эди. Менга ҳеч ким ишонмаган.»
Қайсидир маънода, «Лидс» мухлисларини тушуниш мумкин. Бэмфорд «товуслар» сафида 16 та гол урди, аммо бундан бир неча баробар кўпроқ вазиятларни кўкка совурди. Шу боис, уни фанатлар омадсиз, деб атай бошлади.
«Тўғриси, клуб мухлислари мени тинимсиз танқид қилаётганини ҳис этиб тўп суриш жуда ҳам мушкул. Баъзан, машғулотлардан уйга келиб, шу ҳақида ўйлаб қоламан. Буни енгиб ўтиш учун инсондан кучли ирода талаб этилади.»
Мухлислардан фарқли ўлароқ, аргентиналик мутахассис Бэмфордни кўпроқ майдонга туширишни бошлади. Бьелса ўз жамоасида 9-рақамдаги футболчи айнан Патрик бўлиши лозимлигини аниқ қилиб белгилаб олди. Мураббийнинг ўйин услубига кўра, марказий форвард ҳам жамоавий прессингда иштирок этиши, бўш зоналар яратишда ва қарши ҳужумларда фаол бўлиши шарт. Киритилган голлар керак, аммо жамоавий ўйинда унда муҳимроқ.
«Ҳозир бутун жамоа бўлиб ҳаракат қиляпмиз. Бизнинг ўйин услубимиз рақибни жарима майдончамизга яқинлаштирмай туриб тўпни олиб ўйишга ихтисослашган. Буни амалга ошириш учун 90 дақиқа давомида прессинг қилишимга тўғри келади. Тўғриси, борган сари ўзимнинг жисмоний имкониятларим яхшиланаётганини сезяпман.»
Бэмфорд барча талабларга мослашди ва фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмоқда. Ҳозирда гол+пас тизимида қаҳрамонимиз Муҳаммад Салоҳ, Бруну Фернандеш, Харри Кейн сингари мегаюлдузлар билан бир қаторда тилга олинмоқда. Эндиликда у Англия терма жамоасида тўп суришни орзу қилмоқда. Балки, гарварддан воз кечгани бежиз эмасдир?!
Фикрлар