Гол бўлмаса қийин!
Халқаро ўртоқлик учрашувида Ўзбекистон Миллий терма жамоаси АҚШ билан куч синашди. Натижа 0:3, мағлубият. Сафар мобайнида юзага келган қийинчиликлар, узоқ вақт давом этган парвоз ва яна бир қатор навбатчи баҳоналарни четга суриб қўйиш керак. Сабаби, ҳақиқий профессионаллар учун бундай қийинчиликлар нормал ва бунга тайёр бўлиш лозим. Ўйин томонлама вакилларимизни танқид қилмаган бўлардим, аммо барибир мағлубиятга сабаб бўлган омилларга тўхталиб ўтиш керак:
Илк дақиқаларда ўтказиб юборилган гол
Дастлабки дақиқаларданоқ шимолий америкаликлар устунликни ўз қўлига олгани рост. Ўйинга тўлиқ киришиб кета олмаган вакилларимиз илк дақиқаларданоқ гол ўтказиб юборди. Бу энди рақиб жамоа сафидаги класси ўта юқори бўлган футболчиларнинг сай-ҳаракатлари эвазига урилган гол. Маккени жарима майдонимиз ичида шу қадар хотиржам ҳаракат қилдики, буни ростмана ўзига бўлган ишонч, деса бўлади. Унинг узатмасидан сўнг Веа совуққонлик билан Ўткир Юсупов қўриқлаётган дарвозанинг олис бурчагига тўпни жойлаб қўйди. "Ювентус" вакиллари томонидан яратилган гол.
Алижонов танқидлардан йироқда
АҚШ кўп ўтмай иккинчи голни уришини тахмин қилганлар бўлди. Тезкор гол ҳар қандай жамоанинг режаларига жиддий таъсир ўтказади, аммо буёғига ҳамюртларимиз рақибга унча-мунча вазиятларда жиддий қаршилик кўрсата олди. Баъзан эса омад кулиб боқиб, тўп "Навбаҳор" посбони қўриқлаётган дарвоза устунига тегиб қолди. 5 киши бўлиб ҳимояланаётган вакилларимизда марказдан ўйнаш имконияти деярли бўлмади. Шукуров ҳамда Ҳамробеков барибир таянч зонаси аъзолари ва улардан креативлик, термамиздан эса марказдаги доминантликни кутиб бўлмасди. Бундай ҳолатда қанотлар ўта фаол ишлаши лозим эди, шундай бўлди ҳам. Гарчи, вингеримиз Остон Ўрунов ўзидан кутилган ўйинни намойиш этмаган бўлса-да, Алижоновни "ёндирди" десак бўлади. Ҳужумдаги активликни ҳам, Пулишич ўйнаётган қанотни ёпиш вазифасини ҳам, рейдларни ҳам "Пахтакор" аъзоси амалга оширди. Бугунги ўйини учун уни бемалол мақтасак бўлади.
Машарипов айни дам клубсиз ва ўйин амалиётига эга эмас, аммо барибир баҳс давомида бир қанча фойдали ҳаракатларни амалга оширди. Кутилганидек эмас-ку, ундан сал камроқ. Сайфиевни жуда ёмон ўйнади, дея олмаймиз. Шунчаки, Алижонов фонида у бироз ёмонроқ кўринди. Умумий картинада эса яхши учрашув ўтказди у ҳам.
Шомуродовни уйғотворинглар
Бизни энг кўп ўйлантираётган ва ташвишга соладиган жиҳат Шомуродов бўлса ажаб эмас. Термамиз сардори ва асосий ҳужумчимиз биринчи бўлимда иккита яққол голли вазиятни кўкка совурди. Ҳар икки вазиятда Элдорнинг ўзи тезликда АҚШ ҳимоячиларини ортда қолдириб, дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди, аммо охирги зарбада қандайдир ишончсиз ҳаракат қилди. Бу икки эпизодда "Арсенал" собиқ дарвозабони Метт Тернер қойилмақом сейвлар амалга ошириб, жамоасини қутқариб қолди, демаган бўлардим. Шунчаки, Элдор адашди. Бу вазиятга қўйилган ҳолис ташхис. Агар ўша ҳолатларнинг ҳеч бўлмаса биттаси гол билан якунланганда, ўйин буткул бошқача тус олиши ва натижа биз кутгандек бўлиши мумкин эди.
Иккинчи бўлим сценарийси ҳақида қисқача
Иккинчи тайм нисбатан сокин ва прагматик тарзда ўтди. Ҳар икки терма ҳам олдинга ташланишларсиз, нисбатан эҳтиёткор футбол намойиш этди. Ҳимояда ишончли ҳаракат қилган Катанец шогирдлари, олдинда имкон қадар хавф туғдиришга уриниб кўрди. Қанотлардан Шомуродов томон бўлган узатмалар, Алижоновнинг ўткир бурчакдан йўллаган хавфли зарбаси ва Машариповнинг жарима майдони яқинидан тепган ноаниқ тўпи, айниқса, эсда қоларли бўлди.
Риск иш бермади
68-дақиқада Остон Ўрунов, Рустамжон Ашурматов ва Фаррух Сайфиев майдонни тарк этди. Уларнинг ўрнига эса Шерзод Насруллоев, Азизжон Ғаниев ҳамда Азизбек Турғунбоев ўйинга қўшилди. 4 та ҳимоячи тактикасига ўтдик ва урғуни марказга бердик. Сўнгги дақиқаларда эса ҳақиқий рискка қўл урилди. Шомуродов, Машарипов ҳамда Шукуров каби етакчилар бирин-кетин захирага олинди. Исмоилов, Искандеров ва Абдуҳолиқов уларнинг ўрнини эгаллади. Ҳужум бутунлай янгиланиб кетди. Қандай қилиб бўлмасин, гол уришимиз керак эди, аммо...
Сречко Катанецнинг риски иш бермади. Концентрациянинг йўқолиши ва олдинга бор куч билан ташланиш натижасида иккинчи ва учинчи голларни ҳам ўтказиб юбордик. Аслида, АҚШ каби терма жамоага қарши 0:1 ҳисобидаги мағлубият ёмон эмасди. Шунчаки, кўпроғини хоҳлаб, камроғига эришдик.
Катанец жамоаси учун умумий хулоса
Умуман олганда, ўйин томонлама термамиз ёмон кўринмади, "CAFA Nation's Cup" финалидаги каби. Эронга қарши беллашувда ҳам Азмуннинг сай-ҳаракатлари эвазига гол ўтказиб юборгандик. Эътибор беришимиз керак бўлган жиҳат ҳам айнан шу. Жамоа яхлит бир механизм бўлиб, яхши ҳаракат қилса ҳам баъзан ижрочилардаги фарқ ўйин натижасини белгилаб беради. Катанец жамоаси ҳимояда анча ишончли, гарчи, бугунги беллашувда 3 та гол ўтказиб юборган бўлсак ҳам. Агар вужудга келган имкониятларнинг биттасидан бўлса ҳам фойдаланганимизда ва таблода 1:1 ҳисоби бўлиб турганда, ортиқча рискка ҳожат йўқ эди. Футболда ҳаммаси бир-бири билан узвий боғлиқ. Бир футболчининг хатоси ёки ишончсиз ҳаракати бутун жамоа ўйинига таъсир кўрсатишга мумкин. Бугун йирик ҳисобда мағлуб бўлдик. Мен бунда Катанецни умуман айбламаган бўлардим. Ҳеч қайси рақиб олдида ожиз кўринмаяпмиз. Шунчаки, биз ишонган легионерлар ҳозир чиндан ҳам яхши спорт формада эмас ва ўйин амалиёти кам. Билмадим, бу кимни айби, аммо аниқ Катанецники эмас.
Эрон ва АҚШга қарши ўйинлардан хулоса қилиб айтсак, ҳимоямиз ишончли. Услубан ҳимоявий футболга мослашиб боряпмиз. Таркибдан келиб чиқсак, бу тўғри танлов. Аммо бу гол урмасдан юта оламиз дегани эмас. Баъзан ҳужум чизиғидаги катта номларимиз катта саҳнага чиқиб туриши ҳам керак. Бўлмаса, қийин. Гол бўлмаса қийин.
Худайқулов Карим мақоласи
Фикрлар