Гол урилмаган водий дербиси қандай ўтди?

Суперлиганинг марказий ўйини Андижондаги “Бобур арена”да водий дербиси доирасида “Андижон” ҳамда “Нефтчи” клублари иштирокида бўлиб ўтди. Ёдингизда бўлса керак, биринчи даврада Фарғонадаги беллашувда томонлар 2:2 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этгандилар. Жамоаларнинг бу сафарги ўйинига ҳам қизиқиш доимгидек катта бўлди.

“Бобур арена” чоршанба оқшомида фантастик муҳит оғушида бўлди. “Андижон” фан-клуби одатига хос тарзда ўзгача ва янги перформансни кўтарди. Унда “Олға бобурийлар” ёзуви битилган бўлиб, Бобурнинг ҳам ҳайкали акс этди. Бунда албатта рамзий маъно бор эди. Бутун учрашув мобайнида мухлислар супер даражада қўллаб-қувватладилар. Фарғонадан ҳам ишқибозлар стадионда ўз жамоаларни қўллаб турдилар.

Эътиборлиси, иккала фан-клуб бир-бирига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатдилар. Бутун учрашув мобайнида улар ўз жамоаларини фаол олқишладилар. Ўйиндан кейин бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ўзига хос тарзда маданият намойиш қилдилар.

Биринчи даврадаги тўқнашувдан фарқли ўлароқ, бу гал дарвозалар дахлсиз қолди ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олдилар. Албатта, хавфли ҳужумлар ҳамда вазиятлар бўлди, аммо у қадар кўп эмас. Жамоалар эҳтиёткорона ўйнадилар. Шу боис ҳужумларни якунлашда аниқлик ва баъзида омад етишмади. Бироқ биринчи бўлим ўрталарида “Андижон”нинг ҳужумларидан бирида ҳимоячи Абдулвоҳид Ғуломов жарима майдони ичида рақибларидан илдамроқ ҳаракат қилиб гол уришга яқин келганди. Лекин унинг зарбасини дарвозабон қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Бутун учрашув давомида футболчилар гарчи гол уришган интилишган бўлишса-да, ҳеч кимга гол уриш насиб қилмади. Шу тариқа, нурсиз дуранг билан якун топди. Энди “Андижон” клуби бор эътиборини 5 октябрь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Кубоги финалига қаратади.

“Андижон – “Нефтчи” – 0:0.

25 сентябрь. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 13262 томошабин.

Ҳакамлар: Найим Қосимов, Андрей Цапенко, Тимур Гайнуллин

Захира ҳаками: Сардор Миродилов

ВАР: Никита Мустафин

АВАР: Никита Афиногенов

Назоратчи: Александр Попов

Комиссар: Қудрат Мадраимов

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Владимир Бубанья, Илдар Маматказин, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов, Муҳаммадкарим Тоиров, Сардор Азимов (Любиша Пецель, 88), Илҳом Абдуғаниев (Леван Арвеладзе, 74), Фарҳод Бекмуратов, Фарҳод Соҳибжонов (Бектемир Абдуманнонов, 74), Рустам Турдимуродов.

“Нефтчи”: Ботирали Эргашев, Боян Цигер, Зоир Жўрабоев, Анвар Ғофуров, Жавоҳир Қаҳрамонов (Диёр Туропов, 71), Ғулом-Ҳайдар Ғуломов, Манучехр Сафаров (Мирзохид Ғофуров, 81), Аббос Ғуломов, Қувондиқ Рўзиев (Санжар Қодирқулов, 81), Азизбек Амонов (Шохруз Норхонов, 81), Нсунгус Эффионг.

Огоҳлантиришлар: Бектемир Абдуманнонов, 75 – Лутфулла Тўраев, 76 (мураббий).

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!