"Голли узатма бериш гол урганимдан яхшироқ, ЦСКАга қарши ажойиб ўйин бўлади" - Сардор Азимов

“Андижон” жамоасининг иқтидорли ярим ҳимоячиларидан бири Сардор Азимов ҳозирда бор эътиборини клуби билан янги мавсумга тайёргарликка қаратган.

Туркиянинг Анталия шаҳрида давом этаётган ўқув-машғулотлари давомида бу футболчи ҳам ўз устида тинмай ишлаяпти. Қуйида унинг бир қатор масалалар бўйича билдирган фикрлари билан танишасиз.

Туркия йиғинидан кўзланган асосий мақсад

- 24 январдан Туркиядаги йиғинимиз бошланди. Бундан кўзланган асосий мақсад, техник, тактик ва тўплар билан ишлаб яхши назорат олиб бориш. Бу ерда кунига икки маҳалдан шуғулланяпмиз. Куни кеча Жанубий Корея ёшларига қарши ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Дам олиш кунларисиз машғулотларимиз давом этяпти. Йиғиндан яна бир асосий мақсадимиз, жамоавий ўйинни шакллантириш ҳамда чемпионатга юқори даражада тайёргарликни давом эттириш.

Жанубий Корея U-23 терма жамоасига қарши ўйин тўғрисида

- Ушбу учрашувга тўхталадиган бўлсам, менда корейсларнинг қандай ўйин кўрсатиши ҳақида таассурот бор эди. Улар мен кутгандек ўйин намойиш қилишди. Лекин улар бизга қараганда анча аввалдан тайёргарлик кўриб келаётгани билинди. Бу эса бизни Туркиядаги биринчи ўйинимиз эди. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, қайд этилган 0:0 ҳисоби бизни қониқтиради. Ўйиндан-ўйинга янада шаклланиб борамиз ва бу натижаларда ҳам акс этади, деб ўйлайман.

Сардор Азимов1

ЦСКА билан ўйиндан нима кутяпти?

- Биз натижа учун ўйнамаймиз. Асосийси, ЦСКА кучли рақиб. Улар билан ҳар доим ҳам ўйнайвермайсиз. Бу учрашувдан завқ олиш мумкин ва бўлажак беллашувда кучли ҳамда кучсиз тарафларимизни билиб оламиз. Айтиб ўтганимдек, ЦСКАга қарши ҳар доим ҳам ўйин бўлавермайди. Шунин учун бор салоҳиятимизни кўрсатамиз, деб ўйлайман. Чунки бу ажойиб ўйин бўлади.

“Андижон”нинг янги мавсумдаги мақсади қандай?

- Янги мавсумдаги асосий вазифамиз ўтган йилги натижани яхшилаш. Шу билан бирга мухлисларимизни хурсанд қилиш.

Сардор Азимов2

“Андижон”нинг ўтган йилги мавсум борасидаги иштироки хусусида

- Менимча, кўпчилик 2023 йилда 7-ўринни олишимизни кутмаганди. Биз бошқаларнинг таърифига кўра чақилмаган ёнғоқ бўлдик. Аммо ўз савиямиздан бир поғона олдинга қадам ташлай олмадик. Негаки, шундай учрашувлар бўлдики, бир қадам олдинга ташлаш имкониятига эга бўлган ўйинларда ғалаба қозона олмадик. Худо хоҳласа, бу йил ўтган йилги натижаларни янада яхшиламоқчимиз. Ўз уйимизда ҳам очколарни йўқотган ўйинларимиз бўлди. Агар ютганимизда камида 4 ёки 5-ўринни олиш имкониятимиз бор эди.

Шахсий натижалари тўғрисида

- Ўтган йилги шахсий натижаларимга келсак, анча йилдан бери қилаётган меҳнатларимиз самараси деб ўйлайман. Ҳамма нарса меҳнат орқали келади ва албатта жамоавий ўйин. Жамоадошларим ҳам натижага катта ёрдам беришди. Муҳими, бу йилги вазифам ассистентлик натижамни янада яхшилаш. Жамоага кўпроқ фойдам тегишини истайман. Мухлисларни ғалабалар билан қувонтиришни хоҳлаймиз.

Азимовга гол уриш ёқадими ёки голга ассист қилишми?

- Очиғини айтадиган бўлсам, ўз позициямдан келиб чиқиб, мен учун голли узатма бериш гол урганимдан кўра яхшироқ. Чунки гол уришни амалга оширадиган футболчилар бор ва бу уларнинг иши. Мени вазифам эса голга узатма бериш.

Сардор Азимов3

Илк турда қайси рақиб билан ўйнашни истайди?

- Биринчи ўйинни ўз уйимизда ўйнаганимиз яхши, деб ўйлайман. Нима бўлса ҳам бу биринчи учрашув. Менимча, стадиони таъмирланаётган клублардан бири билан ўйнасак керак. “Қизилқум”, ”Динамо” ёки “Сурхон”. Шу учаласидан бири билан илк турда тўқнаш келсак ажаб эмас. Ҳозир “Бобур Арена” тўлиқ стандартларга жавоб беради. Шунинг учун биринчи ўйинни ўз уйимизда ўтказсак яхши бўларди.

Мухлисларга қандай тилаклари бор?

- 2024 йилда жамоамиз мухлисларидан янада қувноқ ва шиддатлироқ қўллаб-қувватлашларини кутяпман. Сир эмаски, “Андижон” фан-клуби Ўзбекистонда биринчи рақамли. Шунинг учун бу мавсумда ишқибозларимиз доимгидек фаол тарзда футболчиларни олқишлашади. Уларга соғлик-саломатлик тилайман.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!