"Grand Prix Upper Austria" турнири якунланди. Ҳамюртларимиз...

  • 10 март, 14:13
  • Ahmadbek Eshmatov
  • 0
  • Дзюдо
TIGGO 2 PRO

Австриянинг Линс шаҳри мезбонлик қилган дзюдо бўйича Гран-При туркумига кирувчи турнир ўз ниҳоясига етди.

Уч кун давомида дунёнинг 52 мамлакатидан келган дзюдочилар медаллар ҳамда жаҳон рейтинги учун бериладиган қимматли очколар учун баҳс олиб боришди. Якунда Япония терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича биринчи ўринни эгаллади. Дзюдо ватани вакиллари 2 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди. 

Пешқадам сингари 2 та олтин медал қўлга киритган Грузия терма жамоаси кумуш медаллар камлиги ҳисобигагина иккинчи ўриндан жой олишди. Кучли учликка сафида икки чемпионга эга Италия терма жамоаси якун ясади. Словения, Франсия, Германия, Бразилия, Украина, Куба, Қозоғистон ва Австралия терма жамоалари таркибида ҳам бир нафардан олтин медал соҳиби борлигини инобатга олсак, турнир қай даражада муросасиз кечганлиги ойдинлашади.      

Ўзбекистон терма жамоаси Австрия Гран-присида 1 та кумуш, 2 та бронза медалига эга чиқди. Тошкент "Катта Дубулға" турнирида бўлгани сингари Линсда ҳам ёш дзюдочиларимиз ўзларини кўрсатишди. 18 ёшли Лазиза Ҳайдарова ҳамда 20 ёшли Мардон Равшанов бронза медалини қўлга киритди. Бу уларнинг катталар ўртасидаги мусобақалардаги биринчи медали эди. Муроджон Йўлдошев эса ўзи учун янги -81 кг вазнда кумуш медал билан тақдирланди. 

Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!