
Гвардиола Ҳусановдан бунақасини кутмаган эди!
Англия Премьер-лигасидаги биринчи ўзбек футболчиси, замонавий футбол ватанида гол урган илк ўзбекистонлик легионер сифатида футбол тарихига ўз номини ёздириб қўйган Абдуқодир Ҳусанов бу мамлакатда илк совринини ҳам қўлга киритиши мумкин.
Бунинг учун “Манчестер Сити” нуфузли мусобақа – Англия кубогида ғолиб чиқиши талаб этилади.
Англия кубоги футбол оламидаги энг қадимий турнир ҳисобланади. Биринчи бор Англия кубоги 1871-1972 йилларда ўтказилган. Бош совриннинг илг соҳиби “Уондерерс” жамоаси бўлган. Бу клуб мусобақанинг дастлабки саккиз йилида беш бор Англия кубогини ўзиники қилган.
154 йилдан бери ташкил этиб келинаётган турнирнинг жорий мавсумида Хосе Гвардиола шогирдлари чорак финалга етиб келган.
30 март куни “шаҳарликлар” ярим финал йўлланмаси учун ўтказиладиган учрашувда “Борнмут” меҳмони бўлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Қирғизистон (1:0) ва Эрон терма жамоаларига (2:2) қарши ўтказилган учрашувларда тўлиқ ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” таркибида бўлажак баҳсга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Англия футболини ёритаётган cityxtra.co.uk сайти “Борнмут”га қарши ўтказиладиган беллашув олдидан Абдуқодир Ҳусанов ҳақида маълумот бериб, бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг ўзбек легионери ҳақидаги фикрларини ҳам келтириб ўтди.
- Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити” ўйинига дарров жуда катта таъсир кўрсатиши Хосеп Гвардиола учун умуман кутилмаган ҳолат бўлди. Буни испаниялик бош мураббийнинг ўзи ҳам журналистлар билан мулоқотларда эътироф этмоқда.
Янарь ойида Франция чемпионати вакили “Ланс”дан 33,6 миллион фунт стерлингга трансфер қилинган Ҳусанов қисқа фурсатда Гвардиоланинг асосий таркибидаги муҳим фигурага айланди.
Ҳусановнинг ўйин услуби, тезкорлиги, ҳимоя марказида шиддатли билан дадил ҳаракат қилиши уни “Манчестер Сити” мухлисларининг асосий қаҳрамонига айлантирди. Абдуқодир “Реал”, “Ливерпуль”, “Ньюкасл” ва “Тоттенхэм” каби қудратли рақибларга қарши юқори даражада ўйнади.
Бош мураббий Хосеп Гвардиола Ҳусанов ҳақида гапирар экан, “Абдуқодирда алоҳида сифатлар бор, буниси аниқ. Энг муҳими – у жуда тезкор, гарчи ўзи яширишга уринса-да, кўплаб ҳаракатларида футболга бўлган катта иштиёқи намоён бўлиб туради.
Қисқа фурсатда, машғулотларсиз ва шу каби муҳим омилларсиз Ҳусанов бизга жуда катта ёрдам бераётганидан жуда хурсандмиз.
Ҳусанов ва Витор Рейс ҳали анча ёш, мавсумнинг ўртасида янги жамоа ва бошқа чемпионатга келиб, бирданига мослашиб кетиш осон эмас. Бу икки ҳимоячи жуда яхши жисмоний тайёргарликка эга, кайфияти ҳар доим кўтаринки. Биз уларни машғулотларга чуқурроқ жалб этяпмиз, инглиз тилини ўргатяпмиз, чунки уларнинг жамоадагилар билан кўпроқ мулоқот қилиши жуда муҳим”, деди.
Бундан ташқари, Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га кўчиб ўтиши Ўзбекистондан унинг иштирокидаги учрашувларни кўриш учун келаётган мухлислар сонини ортишига сабаб бўлди, - деб ёзмоқда cityxtra.co.uk сайти эксперти Ваям Лахоти.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов Манчестерга келганидан бери янги жамоаси сафида Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигаси мусобақаларида жами саккиз маротаба майдонга тушиб, битта гол ҳам урди.
Легионеримизнинг манчестерликлар билан ҳамкорлик шартномаси 2029 йилнинг ёзигача тузилган. Transfermarkt портали ўзбек футболчисининг трансфер суммасини 35 миллион еврога кўтарди. Шу тариқа, Ҳусанов Осиё қитъасининг энг қиммат ҳимоячиларидан бирига айланди.
Фикрлар