
Европадаги чемпион жамоа Файзуллаевни қайси юлдуз ўрнига олмоқчи экани маълум бўлди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг ЦСКА клуби ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаевга Туркиянинг энг қудратли клуби "Галатасарой" жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда.
Бу хабар Россия томонларга ҳам етиб борди.
Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси Дмитрий Сенников турклар нега айнан Аббосбек Файзуллаевга эътибор қаратаётганини таҳлил қилиб берди.
- “Галатасарой” Аббосбек Файзуллаевни бельгиялик машҳур футболчи Дрис Мертенснинг ўрнига олиб келмоқчи. Чунки уларнинг ўйин услуби бир бирига ўхшаш.
Баҳорда Файзуллаевнинг ёрқин ўйинларини ҳали кўрганимиз йўқ. Бироқ Аббосбекнинг рақибни алдаб ўтиш, дриблинг, зарба бериш, майдонни кўра олиш қобилияти, олдинги чизиқда хавфли вазиятлар яратиш, дарвозани нишонга олиш каби юқори сифатлари ҳамон ўзида сақланиб турибди, - деди Дмитрий Сенников.
Таъкидлаш жоизки, қишки танаффус даврида ЦСКА бош мураббийи Марко Николич жамоанинг ўйин услубини кескин ўзгартирди. Бу энг аввало, Аббосбек Файзуллаевнинг ўйини ва самарадорлигига жиддий таъсир кўрсатди.
Янги схема бўйича Аббосбек ўзи кўниккан қанотлардан ҳужум уюштириш имкониятидан айрилди. Энди у янги позицияда майдон марказидан ҳужум бошлаши ва шу билан бирга ҳимояни мустаҳкам ушлашда катта куч сарфлашига тўғри келмоқда.
ЦСКАнинг кейинги пайтдаги айрим учрашувларида 21 ёшли ҳужумкор футболчимиз тўлиқ ўйнамаяпти. Бу биринчи навбатда, ўйин схемаси ўзгаргани билан боғлиқ.
Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўзига мос бўлган қанот ҳужумчиси вазифасини бажарган Аббосбек Қирғизистон ва Эронга қарши ўтказилган мураккаб учрашувларда яна самарали ҳаракатларни амалга оширди. Қирғизлар дарвозасига киритилган ягона ғалаба тўпи айнан Файзуллаевнинг ассистидан кейин содир бўлди.
Эрон билан баҳсда Файзуллаев чап қанотдан белгилаган жарима зарбасини ажойиб тарзда бажариб, тўпни тўғри мезбонлар дарвозасига жойлаб қўйди.
“Галатасарой” раҳбарияти Аббосбек Файзуллаевнинг халқаро майдондаги учрашувларидан яхшигина хабардор. Ёши ўтиб қолаётган Дрис Мертенс марказий ярим ҳимоячи, чап қанот ҳужумчиси ва форвард сифатида ўйнайди.
Аббосбек Файзуллаев ҳам марказда ҳужумчи ортида ва ҳар икки қанотда ҳужумкор футболчи вазифасини жуда яхши уддалайди.
37 ёшли бельгиялик юлдуз Туркия чемпонатига 2022 йилнинг ёзида “Наполи”дан олиб келинган эди. Жорий мавсумда Дрис барча турнирларда 42 та учрашув ўтказиб, бешта гол ва 18 та ассист муаллифи бўлди. Мертенснинг амалдаги шартномаси 30 июнь куни тугайди. “Галатасарой” бу ўйинчи билан ҳамкорликни узайтирмоқчи эмас ва унинг ўрнига Аббосбек Файзуллаевни олишни режалаштирмоқда.
Ҳусанов туфайли тожик футболчиси бошқа чемпионатни танлади
Ҳусанов ва Ўзбекистон ҳақидаги “шов-шувли луқмалар”га хориждан муносабат келди
Ҳусановни қандай қилиб қўлдан чиқариш мумкин?!
Фикрлар