Гвардиола Ҳусановдан нималар кутяпти?

TIGGO 2 PRO

Абдуқодир Ҳусановнинг қисқа фурсатда Англия футболида ҳам ишлари бу қадар жадал юришиб кетишини кўпчилик кутмаган эди.

Франция чемпионатидан 20 январь куни жаҳон футболининг энг мураккаб ва шиддатли лигасига келган ёш ҳимоячига янги мамлакат даражасига мослашиши учун умуман вақт керак бўлмади. Умуман олганда, Манчестерга келганидан кейин “Челси” қарши ўтказилган учрашувнинг дастлабки ўн дақиқасини Абдуқодир учун мослашиш даври бўлди, дейиш мумкин.

Ўша ўйиннинг қолган дақиқаларидан бошлаб, легионеримиз ўзини ўнглаб олди.

“Манчестер Сити” учрашувларда қандай натижа қайд этишидан қатъи назар, 21 ёшли ҳимоячимиз ўз ишини маромига етказиб бажармоқда.

“Шаҳарликлар”нинг фаолиятини ёритиб келаётган нуфузли манба – cityxtra.co.uk экспертлари бош мураббий Хосеп Гвардиола мавсумнинг қолган қисмида Абдуқодир Ҳусановдан ҳимоя чизиғининг етакчиси сифатида ўйнаб беришни кутаётганини таъкидламоқда.

- Премьер-лига учрашувида “Манчестер Сити” сафарда асосий рақобатчиси “Ноттингем  Форест”га 0:1 ҳисобида ютқазиб, мусобақа жадвалида тўртинчи ўриндан тушган бўлса ҳам, беллашувда  юқори савияда ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов яна устозидан навбатдаги мақтовларни қабул қилиб олди.

Аслида бу баҳсда ҳар томонлама устунлик “Манчестер Сити” томонида бўлди. “Шаҳарликлар”ни ўйиннинг катта қисмини ўз назорати остида ушлади, бироқ рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун йўл топа олмади. Рақиб эса, охирги ўн дақиқаликда Каллум Ходсон-Одоининг ҳаракатлари эвазига ғалаба тўпини киритди.

Беллашувда ҳимоя чизиғининг барқарорлигини таъминлаш Абдуқодир Ҳусанов зиммасига тушди ва ўзбек футболчини қатъиятли ҳаракатлари билан буни уддалади ҳам. У ҳимоядаги мардонавор ўйини билан “Манчестер Сити”нинг бутун дунёга ёйилган мухлислари ёқимтойига айланиб бормоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk портали мутахассиси Фредди Пай.

Хосеп Гвардиола ҳам журналистлар билан суҳбатларда ўзбек футболчиси жамоанинг муҳим бўлагига айланиб бораётганини кўп эътироф этмоқда.  

- Ҳусановнинг жамоага таъсири жуда зўр. Бироқ биз ундан ортиқча нарса талаб қила олмаймиз. Абдуқодир ҳимояни мустаҳкам ушлаяпти, ўйинга бор диққатини қаратяпти, бу жуда яхши ҳолат, - деди Хосеп Гвардиола.

Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”дан келганидан бери боши ишдан чиққани йўқ. Бу кўп жиҳатдан унинг ҳимоядаги шериклари жароҳатлар туфайли узоқ муддатларга сафдан чиқаётгани билан боғлиқ. Бундан вазиятда ўзбек легионери ёш бўлишига қарамай, оғир масъулиятни ўз бўйнига олишига тўғри келяпти.

Хусусан, тошкентлик футболчи “Ньюкасл”, “Реал”, “Ливерпуль” ва “Тоттенхэм” сингари қудратли рақибларга қарши юқори даражада ўйнади ва кундан кунга кучга тўлиб бораётганини кўрсатди.

- “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғида жароҳатлар билан боғлиқ вазиятларни инобатга олиб, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум охиригача асосий таркибнинг муҳим ва муқим ўйинчиси бўлиши кафолатланган. Балки бу ҳолат келаси мавсум ҳам давом этар, - деган хулосани ўртага ташлади, - cityxtra.co.uk портали мутахассиси Фредди Пай.

Жорий мавсумда “Манчестер Сити” чемпионлик унвонини ҳимоя қилолмайди. Хосеп Гвардиола унинг шогирдлари келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси ва Англия кубоги учун курашиши таъкидлади.

Шомуродов ғазабда бир зарба билан дарвоза тўрини тешмоқчи бўлди!

Аббосни Европада кутишяптими? Машҳур агент Ҳусанов ва Файзуллаевнинг фарқини айтди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Мурат
12/03/2025 12:12
Натижага эришични хокласа шартнама тузаман Ман ситига етказип койилар